3:10

Болаларнинг ўсишига ёрдам 230

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агарда Худованднинг севгиси, меҳрибонлиги ва марҳамати бўлмаганида эди, Хушхабар ҳам бўлмасди. Тўғрироғи, керакмас эди. Осмондаги Отамиз айнан шу севгини Ўзининг Ўғли орқали самодан ерга биз гуноҳкор инсонлар орасига юборди. Бу Раббимиз Исо Масиҳ орқали инсонлар орасида намоён бўлмоқда.

Шу билан бирга ушбу севги Раббимизни Гўлгота тепалигидаги хочга етаклаб борди. Раббимиз Исо Масиҳ хочда биз инсонлар учун Ўзнинг муқаддас қонини тўкиб ҳалок бўлди. Мана шу севги биз инсонларни кўплаб азоб-ўқубатлардан қутилиб қолишимиз учун чора бўлди. Шу пайтгача инсонлар Худонинг севгиси нима эканлигини англаб етмаган эдилар. Раббимизнинг амалга оширган ажойиб ишлари эса ҳақиқий севгини намоён қилиб берди. 1Юҳанно мактубининг 4 боби 19 оятидан бир оятни келтириб ўтмоқчи эдим: “Биз Уни севайлик, чунки аввал У бизни севди”.

Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Худонинг севгисини биз яна нималарда кўришимиз мумкин? У доимо Ўзи яратганлари ҳақида қайғуради, Ўзи яратганларини ҳимоя қилади. Худованд яратганларининг барчаси бир-бири билан жуда боғлиқдир. Барча яратилган нарсалар доимо бир-бирини тўлдириб келади. Забур китобининг 144 боби 9 оятида шундай ёзилган: “Худованд ҳар бир инсонга ҳиммат айлар, барча махлуқотга раҳм-шавқат кўрсатар”. Инсонлар билан Худонинг севгиси орасида катта фарқ борлигини ўзимиз ҳам яхши биламиз.

Инсонлардаги севги алдамчи бўлиши мумкин. Ёки қачонлардир инсон ўз севгисидан воз кечиб кетиши ҳам мумкин. Лекин Худованд асло бундай йўл тутмайди. У ҳар биримизни охиригача чидаб севади. Худованд гуноҳкор инсонларни ҳам севади. Ҳатто қачонлардир Худога қаршилик кўрсатиб келган душманларини ҳам Худованд ҳар қандай гина-қудратсиз севаверади. Ҳурматли ота-оналар, агар ҳар биримиз ўз болаларимизга ва ташқаридаги болаларга Худованднинг кўзи орқали қарасак, бизнинг ҳам юрагимизда ана шундай севги пайдо бўлади.

Болаларга бўлган севги уларнинг юракларини очилишида катта ёрдам беради. Муҳими эса, улар бошқаларда кўрган-билганларини ўзларининг ҳаётларида қўллашга уриниб кўрадилар. Бу эса уларнинг ҳаётларини бир қисмига айланиб бораверади. Ҳурматли биродарлар, ҳар бир катта ёшдаги масиҳий инсон айнан Раббимизнинг ҳаёт тарзини ўзларининг ҳаётларида мужассам этишлари лозим. Бу эса аста-секин ёш болаларда намоён бўла бошлайди. Инсонларнинг орасидаги севги, муҳаббат, меҳр-оқибат эса шу орқали янада кўпайиб боради, деб умид қиламиз. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги мавзуимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азиз радио тингловчиларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар деб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top