Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Мархамат, тинглаб дам олинг — “Дилкаш” радиоси сизнинг хизматингизда. “Шайтон” сўзи Худо ва инсониятнинг энг катта рақиби ёки душмани деган маънони ҳам билдиради. Бу иблиснинг асл исмидир. Баъзи бир одамлар шайтон деган душманнинг борлигига унча ҳам ишонавермайдилар.
Аммо унинг борлиги ва ҳатти-ҳаракати кўплаб ёвузлик ва азоб-уқубат муаммоларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Муқаддас Калом ҳам шайтон ҳақиқатан ҳам бор ва унинг қиладиган иши Худо бошқарувига одамлар орқали қаршилик кўрсатиш, деб аниқ айтади. Худо ёвузликнинг инъикоси бўлган шайтонни нима сабабдан бутунлай йўқ қилиб юбормасдан, аксинча, унга йўл бераётганлиги кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Бу саволга ҳозирги кунгача қониқарли жавоб топилгани йўқ.
Эҳтимол, Раббимиз бу йўл билан ёвузлик ва гуноҳ ҳеч қачон биз излаётган ҳаётнинг асл маъносини очиб беролмаслигини кўрсатмоқчидир. Ҳизқиё пайғамбар Китобининг 28 боби 12 ва 15 оятида “илоннинг” гуноҳга ботиб, самодан ҳайдалгунга қадар бўлган пайти тасвирланади. У Худо ҳузуридаги ўзининг юқори лавозимидан ва атрофини ўраб турган самовий ажойиботдан ҳузурланарди. У “мойланган… қўриқловчи” деб аталиб, унга Худо ҳузурида юқори ва обрў-эътиборли мартаба берилганди.
Ишаё пайғамбар бу олий фариштани “Тонг юлдузи, шафақ ўғли” деб таърифлаган эди Ишаё китобининг 14 боби 12 оятида. Муқаддас Китобни ўрганаётган ҳар бир киши шайтон Худонинг энг катта душманига айлангач, бу нуфузли номлардан бенасиб қолганлигига эътибор бериши керак. У гуноҳга ботгунга қадар савлатли, донолик ва гўзаликда тўкис ҳамда бенуқсон бўлган эди. Аммо мағрурлик шайтонни тамоман гуноҳга ботирди. У ўз кўркамлигидан мағрурланиб кетди, мағрурлик эса доноликдан устун келди.
Бундан кўриниб турибдики, шайтон мағрурланишгача олиб келган ғоят катта мавқега эга бўлган. Иблиснинг гуноҳини кўрсатадиган “Мен шундай, шундай, шундай қиламан” деган бешта тасдиқ мавжуд. У Худонинг ҳузурига киришни ва бошқа фаришталар устидан ҳоким бўлиб, ўз тахтини ўрнатишни истаб қолади. Иблис “Қодир Худога” ўхшашни хоҳлайди. Ваҳий китобининг 12-боби иблиснинг бузғунчи фаолиятининг кейинги даврларини тасвирлаб беради. Худонинг марҳаматидан бенасиб қолган иблис, фаришталарнинг учдан бир қисмини ўзига қўшиб, Худога қарши исён кўтаришга ишонтиради.
Айнан шунинг учун Худо уни самодан пастга улоқтириб ташлайди. Шунинг билан азизлар, мавзумизга якун ясамоқчиман. Бизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзили: www.najot.com Ушбу сайтимизга вақт топиб марҳамат қилинг. Ҳозирча хайр омон бўлинглар.