3:24

Исо – ҳаёт нони

MP3

Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, Исо Масиҳ сиз учун ким? У ҳаётингизда қандай рол ўйнайди? Менимча хар бир киши хар хил жавоб бериши табиийдир. Кимларгадир Исо фақат Худо юборган пайғамбардир, кимларгадир У руслар Худосидир, лекин нима бўлмасин, ҳақиқат ҳақиқатлигича қолади. Ҳақиқатни эса биз фақат Каломдан топишимиз мумкин. Келинг, бунга амин бўлиш учун Юҳанно хушхабарининг олтинчи бобидаги оятларга назар солсак. Исо Ўзи ҳақида шундай дейди:

– Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмас, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамас. Лекин Мен сизларга айтган эдим-ку, Мени кўриб турган бўлсангизлар ҳам, ишонмаяпсизлар. Отам кимни Менга берган бўлса, Менинг олдимга келади. Олдимга келган одамни эса сира қувиб чиқармайман. 

Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман. Мени Юборганнинг иродаси – Унинг Менга берганларидан ҳеч бирини йўқотмаслигим, балки охирги кунда уларнинг ҳар бирини тирилтиришимдир. Отамнинг иродаси яна шуки, Унинг Ўғлини кўрган, Унга ишонган ҳар бир киши абадий ҳаётга эга бўлсин. Мен эса бундайларни охирги кунда тирилтираман. (Юҳанно 6). Азизлар, яратувчи Худойимиз билан яқин муносабатга эга бўлган, Унинг севгисида яшайдиган қалблар учун Исо ҳаёт нонидир. Бугун мен, айнан мана шу ҳақиқат учун, аниқроғи, Исо хаётимиз нони бўлиши учун ибодат қилмоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат катта куч-қудратга эгадир.

Худойим, севикли Отажоним, Сенинг хузурингда бўлиш нақадар ажойибдир! Сенинг севги ёмғирингда чўмилишдан ортиқ бахт йўқдир. Худойим, севгинг бизга хаёт берди, севгинг туфайли биз нажот топдик. Бизга берган нажотинг Сенга нақадар қимматга тушганини олам билса эди. Худойим, Сенга умид боғлаган қалбларни Ўзинг баракалагин, уларни Руҳинг билан қувватлантиргин. Исо Масиҳ уларга доим хаёт нони бўлиб уларни оч қолдирмасин. Ахир Сен Ўзинг “Мен ҳаёт нониман”, деб айтдинг. Шундай экан, бизга ушбу Нондан кўпроқ бер, биз униб еб Руҳан оч қолмайлик. Худойим, Сен ҳаётимиз кучисан, Сен бизни яратиб димоғимизга ҳаёт нафасини пуфлаган Зотсан. Бизни ўзгартир, бизга оппоқ кийим бер. Таналаримизни гуноҳдан асрагин.

Ушбу дунёнинг эҳтиросларига берилиб кетишдан фарзандларингни асрагин. Бу дунё бизни ўзига тортиб олишни истайди, лекин биз, фақат Сен муқаддасга тегишлимиз. Отажон, қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик, кимлар билан гаплашмайлик, Исо доим бизнинг нонимиз бўлсин, Каломингни юрагимиз варақларига ёзиб қўяйлик. Сенинг муқаддас номинг сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top