3:12

Эркакнинг оиладаги ўрни

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум . Бугун суҳбатимиз давомида отанинг оиладаги ўрни ҳақида етарлича маълумот олишингизга ёрдам берамиз. Оналик муқаддас, бетакрор туйғу. Онанинг ўрни ва масъулияти юксак, лекин фарзанд тарбиясида ота ҳам худди шундай масъул эмасми? Минг йиллар давомида ота шахси улуғланиб, сиғиниш даражасигача кўтарилиб келинмоқда: Ота — уйнинг тўрида ўтирган! Ота — ҳал қилувчи гапни айтган!  Ота — ўтирган уйнинг томига фарзанд чиқмаган! Фарзанд йўлга отланганда оқ фотиҳани ота берган! Минг афсуски, айрим оилаларда отанинг ўрни пасайиб бормоқда. Бунга эса уларнинг ўзлари айбдор эканлигини инкор қилмаймиз. Тайинли бир жойда ишламаслик, ичкиликка ружу қўйиш, ҳар хил «гап-гаштаклар», осон ва енгил яшашга интилиш эркаклар мавқеини, таъсир кучини кесмайди, деб ким айта олади?

Narrator 2 Шу ўринда бир мушоҳада юритиб кўрсак. Ишламасдан уйда ёнбошлаб ётган ота кимга ҳам таъсир эта оларди? Маст бўлиб келиб идиш-товоқ синдирадиган, аёлини урадиган, ҳатто ўз отасию, онасини ҳақоратлайдиган оталардан бола нимани ўрганади? Жон куйдириб ишлаш, моддий бойликлар яратиш ўрнига, кимларнидир алдаш, беҳаёлар кўчасига кириш хаёли билан яшайдиган оталарда тарбиячилик салоҳияти бўлармикин? Отанинг ойлаб фарзандлари тарбияси билан шуғулланмаслиги, шаклланаётган шахсга намуна бўла олмаслиги табиийки бора-бора унинг мавқеини пасайтиради. Ичкиликка ружу қўйган, дарбадар отани фарзандлари қўл учида кўрсатишади. Унинг аёли эса рўзғор тебратиш учун тиним билмай ишлаш, бозорма-бозор юриб пул топиш пайига тушади…
Психолог-педагогларнинг таъкидлашларича, болага хулқ-атвор кўпроқ онадан, характер отадан, қиёфа ҳар икки томондан ўтар экан.

Narrator 1 Тарбияда ота мавқеининг пасайиши кўпинча характерсиз, чучмал, ланж шахсларнинг шаклланишига сабаб бўлади. Айтишларича, бир подшоҳнинг ўғли ғоят шўх, баттол, гапга кирмас, қайсар ўсмир бўлиб улғая бошлабди. Донишмандларнинг маслаҳати билан ўсмирни қирқ канизак ичига қўшиб қўйишибди. Орадан бир қанча вақт ўтгандан сўнг хабар олгани борсалар, ўсмир бошига шоҳи дуррача ўраб, қошига ўсма қўйиб ўтирган эмиш. Эркакка кўзи тушиши билан, «Вой, ўлмасам!» дея юзини беркитиб олибди. Айтмоқчимизки, минглаб оталар фарзандларини тарбиялаш жараёнида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлиб, эркакка хос, эркакча характернинг шаклланишида четда қолмоқда. Бу нарса оиладаги ота мавқеининг пасайиши сабабларидан бири  эмасми. 

Narrator 2 Ҳозир тарбиячилар керагидан ортиқ. Лекин бу тарбиячи ҳам, тарбия муассасаси ҳам ота тарбиясини бера олмайди! Қайси кичкинтой ёки ўсмир билан гаплашманг «Муаллим билан директор бундай деди, телевизорда ундай деди» дейишади-ю, лекин бирон жойда «Отам бундай деган эди» деб айтмайди. Боланинг кўз ўнгида ота шахси улуғланмаса, оила тарбияси ҳеч қачон мукаммал бўлмайди. Отасиз ўсган намунали оилалардаги ажойиб йигит-қизлар бор. Уларни оналари катта қилган. Биз она тарбиясини ҳам асло камситмоқчи эмасмиз. Аксинча биргина аёл — она зиммасига юкланган юкнинг беҳад оғирлигини ҳамма билсин дейман! Бу юкни енгиллатишга оталар ҳамиша тайёр турсинлар, деб таъкидламоқчиман. www.najot.com cайтимиз сизга бу ҳақида кўпроқ маълумот беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top