3:22

Болаларнинг ўсишига ёрдам 281

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчиларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали дийдор учраша олганимиздан беҳад хурсандмиз. Азиз ота-оналар, биз катталардан талаб этиладиган нарсалардан бири, бу оилада тинч ва тотувлик ҳамда илиқлик шароитини яратишдан иборатдир. Бу дегани “энди бўлди, оилада барча аста-секин оёқ учида юрсин” дегани эмас. Барчаси табий равишда бўлиши лозим. Баъзида айрим масиҳий оилаларда бўлганимизда шундай ҳолатга кўзимиз тушади. Гўёки ҳар доим оилада сокинлик ҳукм сураётгандек.

Лекин меҳмон ташқарига чиқиб ортидан эшикни ёпганидан сўнг, яна аввалгидек бақир-чақир, бир-бирига ҳурматсизлик ҳукм суради. Менимча азиз биродарлар, оиладаги илиқлик атмосферасини бошқа биродарларга кўрсатиш учун эмас, балки Отамиз Худованд айнан шу оила орқали улуғланиши учун бўлиши лозим. Доимо оилада оила аъзоларининг бир-бирига бўлган севгиси ва ҳурмати бўлса, аста-секинлик билан фарзандларимиз ҳам шу ҳолатга ўрганиб боради. Келажакда эса улар мустақил яшай бошлаганларида, ушбу ҳолат ўзларига ас қотади, деб ўйлаймиз. Забур китобининг 77 бобида айтилганидек, улар ҳам ўз вақтида ўз фарзандларига ушбуларни ўргатиб борса, олам гулистон.

Азизлар, кўпинча болалар мактабдан кеч қолиб келадиган бўлса, уларга дўқ уриб бақир-чақирсиз сўраш мумкин. Агар кеч қолиши узурли сабаблар билан бўлса, уларга кейинги сафар кеч қолмаслигини яхши гап билан тушунтириб, ўз вақтида мактабдан келишига келишиб олган маъқул. Агар шундан кейин ҳам кеч қоладиган бўлса, уни келишилгандек жазолаш мумкин бўлади. Мени яхши ёдимда: ўғлимиз мактабдан кеч қолиб келишни бошлаганда, биз у билан гаплашиб олдик. Лекин барибир дўстлари билан ўйнаб, яна кеч қола бошлади. Шунда онаси дарс тугаш вақтини билиб, мактабга бориб уни олиб кела бошлади.

Мен аниқ билмадим, шундай ҳолат бир неча бор қайтарилганидан кейин у ўз вақтида келадиган бўлди. Балки бунинг ўзига яраша сабаблари бордир. Чунки ҳозирги замонавий болалар, кимдир келиб уларни кутиб олишини унчалик ҳам ёқтирмайди.Чунки дўстлари кулиши мумкин. Шу ҳолатдан озод бўлиш учун унинг ўзи балки вақтида кела бошлагандир. Майли азиз биродарлар, нима бўлганда ҳам фарзандимиздаги бир камчиликни биз биргалашиб енгдик, деб айтишимиз мумкин. Азиз биродарлар, ҳар бир қилаётган ишимиз фарзандларимиз учун ёки уларнинг тарбияси учун қарши ишламаслиги керак.

Энг муҳими, улар учун доимо Худовандга илтижо қилиб ибодат қилиш ёдингиздан чиқмасин. Ўйлаймизки, шунда ҳаммаси ўз ўрнига тушиб боради. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини яна бир карра эслатиб ўтмоқчи эдик: www.najot.com Ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва болалар тарбияси ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўласиз. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top