3:40

Болаларнинг ўсишига ёрдам 285

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи болажонлар. Сиз азиз тингловчиларимиз билан яна радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдорман. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агарда бола Раббимиз Исо Масиҳни ўз юрагига қабул қилишни хоҳлаётган бўлса, бу дегани бўлди, энди ҳаммаси амалга ошди, мақсадимга етдим дегани эмас. Азизлар, асосий иш энди бошланишини асло ёдингиздан чиқарманг. Бола Раббимиз Исо Масиҳни ўз юрагига қабул қилганидан сўнг, у энди янги инсонга айланади.

Яъни Худованднинг кўз ўнгида гуноҳсиз янги яратилган инсондир. Азиз биродарлар, келинг шу ўринда 2 Коринфияликларга мактубининг 5 боби 17 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Қадимги ҳолат ўтиб кетди, энди ҳаммаси янги бўлди”. Бола янги ижодга айланганидан сўнг, у ушбу янги ҳаёт ҳақида кўпроқ билиши керак. Буни ўргатиш эса ҳар бир ота-онанинг вазифаси. Тўғри баъзида болалар уйда эмас, балки якшанба мактабларида ҳам Исо Масиҳга ўз ҳаётларини топширишлари мумкин. Бунинг аҳамияти йўқ. Бола учун Худованд олдида ота-она жавобгар саналади.

Чақалоқ она сутини эмганидек, янги тавба қилган ҳар бир бола ҳам Худованднинг каломидан ўзига керакли маълумотларни ўрганиб бориши керак. Ахир чақалоқ қаттиқ нон ёки катталарнинг овқатларини истеъмол қилолмайди. Шундай экан болаларга ҳам уларнинг ёшига мос равишда Худованднинг каломини ўргатиб бориш лозим. Ҳозирги кунда болалар учун турли хил руҳий ўстирувчи китоблар кўплаб топилади. Албатта ушбу китоблардан фойдаланиш асло зарар қилмайди. Балки ҳозирги кунда ўзбек тилида китоблар камроқ бўлиши мумкин. Ўйлаймизки, бу руҳий ўсиш учун асло сабаб бўлмаслиги керак.

Азиз ота-оналар, тавба қилган бола учун энг биринчи навбатда ибодат қилишни ва ҳар қандай қийинчиликлар ва хурсандчиликлар вақтида ҳам фақатгина Худога умид боғлашни ўргатиш керак. Раббимиз Исо Масиҳ ҳар бир солиҳ кишининг энг ишонарли дўстидир. Шу жумладан бола ҳам ўзига энг яқин дўст деб Раббимиз Исо Масиҳни танлаши мумкин. Бундан ташқари Худованд ҳақидаги ҳақиқатларни болаларга ўргатиб бориш лозим. Агарда янги тавба қилган болалар билан доимо бир вақтда биргаликда калом ўрганилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Азиз ота-оналар, доимо тавба қилган болага эътиборли бўлинг. Улар дарҳақиқат нажот топганига амин бўлишлари учун каломдан Худованднинг шу ҳақидаги оятларини ўқиб тушунтириб беришга ҳаракат қилинг. Ҳар бир бола энди Худованднинг фарзанди эканлигини тушуниб етишлари лозим. Уларнинг руҳий ўсиши учун Худованднинг Ўзи хам ғамхўрлик қилади. Албатта бундай ғамхўрлик ота-она орқали амалга ошишини ёдингиздан чиқарманг. Шунинг билан азиз ота-оналар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top