3:46

Руҳий ғалаба 291

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги мавзумиз орқали сизлар билан жинларнинг келиб чиқиши ҳақида бироз суҳбат юритмоқчи эдим. Муқаддас каломда жинларнинг қаердан ва қандай қилиб келиб чиққанлиги ҳақида унчалик аниқ ёзилмаган.

Бироқ Янги Аҳдда бир гуруҳ фаришталарнинг гуноҳ қилгани ва узоқ муддатгача қамаб қўйилгани ҳақида аниқ гапирилади. Масалан, биринчи Бутрус китобининг 3 боби 19 ва 20 ояти; ҳамда иккинчи Бутрус китобининг 2 боби 4 оятида; яна Яҳудо китобининг 1 боби 6 оятларида айнан шу ҳақида гап боради. Худога қарши исён кўтаришда қатнашган бу фаришталар гуруҳининг йўлбошчиси шубҳасиз, иблис бўлган. Худога қарши исён дунё яратилишидан аввал содир бўлган.

Қодир Тангрига бўлган ҳасаду нафрати туфайли Ундан ўч олишни мақсад қилиб қўйган иблис ва унинг хизматкорлари инсон зотини ўз нопокликлари билан булғашга ҳаракат қилишади. Бу ҳақида ҳам Муқаддас каломнинг Ибтидо китобининг 3 бобида, ҳамда Матто Хушхабар китобининг 25 боби 41оятида ва Ваҳий китобининг 12 боби 9 оятларида гап боради. Азизлар, шу ўринда кичкина бир изоҳ бериб ўтсак: фаришталарнинг биринчи бор гуноҳ қилиб, самодан ҳайдалиши Ваҳий китобининг 12 боби 4 оятида рамзий кўринишда тасвирланган.

Бу парчада аждаҳо иблиснинг рамзи “осмондаги юлдузларнинг учдан бир қисмини сидириб” гуноҳкор фаришталарнинг рамзи “ерга улоқтирди” деб тасвирланади. Шундай қилиб, иблис ҳам шахсий “фаришталарига” эга ва кўпчилик Муқаддас китобни ўрганувчилар уларни биз яшаётган дунёнинг жинлари, деб атайдилар.

Муқаддас китобда келтирилган занжирбанд қилинган фаришталар ҳақидаги фактларга асосан, биз, гуноҳкор фаришталарнинг икки хил гуруҳи мавжуд, деб айта оламиз. Жинларнинг биринчи гуруҳи Худога ва Унинг халқига қарши чиқишда маълум бир эркинликка эга.

Иккинчи гуруҳ эса зиндонга занжирбанд қилинган. Бу ҳақида иккинчи Бутрус китобининг 2 боби 4 оятида ҳамда Яҳудо китобининг 1боби 6 оятидан ўқиб олишингиз мумкин. Иккинчи гуруҳ фаришталари нима сабабдан занжирбанд қилинганлиги ҳақида Муқаддас китоб изланувчилари турли хил қарашларга эгалар. Ана шундай қарашлардан бири, бу Ибтидо китобининг 6 боби 2 ва 4 оятларида айтиб ўтилган, одатга хилоф равишда гуноҳ қилган илоҳий зотлардир, деб таъкидлайди. Муқаддас китоб нисбатан эркинликка эга бўлган жинлар орасида ҳам маълум бир пайтгача фаолияти тўхтатилиб қўйилганлари бор, деб айтади Ваҳий китобининг 9 боби 14 оятида ҳамда 16 боби 14 оятларида. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сиз азизлар билан хайрлашиб, сизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр соғ-саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top