Ассалому алайкум бизнинг синчков опа-сингилларимиз. Ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, айни қизиқ жойида тўхтатишга мажбур бўлган эдик. Хўш яна ўша саволни берамиз. Худованд биздан қандай мукаммалликни истайди? Исо Масиҳ «…осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сиз ҳам баркамол бўлинглар» деб айтганида нимани назарда тутган экан? Бу сўзларнинг асл маъноси ундан олдинги оятда намоён бўлади. Унда Исо Масиҳ шундай дейди: «Қариндошингни севгин, душманингдан нафратлан», — деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин Мен сизга айтаман: душмангларингизни севинглар. Сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сиздан нафратланганларга яхшилик қилинг. Сизнинг номингизга иснод келтирганлар учун, сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар» (Мат 6:43-44).
Кейин бу мавзу давом эттирилади: агар биз Худо севгандай севсак, худди ўзимизнинг Самовий Отамиз каби мукаммал бўламиз. Бошқача қилиб айтганда, агар биз ҳамма ишларимизда Худо севгисидан фойдалансак унда биз мукаммалликка эришамиз. Мукаммаллик тўғридан-тўғри инсон юрагининг ҳолати билан белгиланади. Бир куни бир фильм кўрдим. Унда олти ёшли қизча онаси гулларни жуда яхши кўришини билиб, уни хурсанд қилиш учун уй орқасидаги гуллардан бир нечтасини узди. У гулларни солиб қўйиш учун токчада онасининг энг севимли вазасини олаётганида қўлидан тушириб юборади ва синдириб қўяди. Бу ишдан қизча ҳам онаси ҳам ҳафа бўлади. Бироқ она қизини жазоламади. Чунки қизи ўйлаган иш муваффақиятсиз чиққан бўлса ҳам, унинг юраги комил эди. У онасини севганидан шу ишга қўл урди, аммо уни кўнглидагидай қила олмади.
Худо биздан айнан мана шундай мукаммалликни қидиради. Худога муҳаббат билан тўлган пок юрак Унга итоат қилишни истайди. Ҳатто агар бизнинг қилмишларимиз унча мукаммал бўлмаса-да, юракларимиз мукаммал бўлиши мумкин. Биз ўзимизни мукаммал тарзда тута олмаслигимизни билган Худо бизга Исони юборди. У орқали фақат Раббийгина бизга ҳадя қила оладиган мукаммалликка йўл очди. Болалигида яқинларининг шафқатсизларча муносабатидан азоб чекканлар ўзларининг номукаммалликларини жуда оғир қабул қиладилар. Бизга ўхшаганлар Худо бизда мукаммал ишларни эмас, мукаммал юракларни кўришини исташини билиш жуда муҳим. Худо бизнинг юрагимизга қараб унда Исони кўрса, шунинг ўзиёқ бизни Худо кўз ўнгида мукаммал қилиб кўрсатишини билишимиз зарур.
Агар биз буни тушунмасак, унда доим юксалишларга интиламизу аммо уларга етиша олмай, ниҳоят, ўзимиз лозим даражада ҳам керакли бўла олмаслигимизга, қобилиятсиз эканлигимизга ишонч ҳосил қилиб, ҳаммасини ташлашга маҳкуммиз. Худованд бизни инсоний мукаммалликдан афзалроқ бўлишимизни хоҳлайди. У Ўз севгиси воситасида бизни мукаммал шахс қилмоқчи бўлади ва бизни шу даражага кўтаришни хоҳлайдики, унда биз ўз ҳаётимизда Унинг севгисини аниқ кўрамиз. Шу туфайли биз бугун ўз мукаммаллигимиз ҳақида хавотирланмасак ҳам бўлади, чунки Унинг севгиси Масиҳнинг мукаммаллиги орқали бизга қуйилади. Биз бемалол овқатимиз қандай чиқишини ўйламай, меҳмонлар уйимизнинг қандайлиги ҳақида гапиришларини ўйламай меҳмон чақиришимиз мумкин. Муҳими меҳмонларга нисбатан бизда Худо севгиси бор. Биз уларни Худонинг севгиси билан севамиз. Қолгани ҳавотирга арзимайди.