3:04

Наъматак ва унинг фойдаси

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Дунё бўйича наъматакнинг тўрт юздан ортиқ турлари ўсар экан. Унинг шифобахш хусусиятлари қадим замонларданоқ маълум. Меваларидан тайёрланган қайнатма, дамламалар камқонликнинг олдини олишда, турли шамоллаш касалликларини даволашда ишлатилади, артеросклерознинг олдини олиб, организмнинг умумий аҳволини яхшилайди. Шунингдек, сафро ва пешоб ҳайдаш хусусиятига эга, жинсий безлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, қон оқиши тўхташига ёрдам беради.

Наъматак С витаминига ниҳоятда бой. Ундаги С витамини қора смородинага нисбатан 10 марта, лимонга нисбатан 50 ва олмага нисбатан 100 карра кўпроқ. Атиги 5-10 г наъматак меваси инсон организмининг С витаминига бўлган бир суткалик эҳтиёжини қондира олади. Наъматакнинг ҳамма қисмлари – гули ва барглари, банди ва пўстлоғи, уруғи ва илдизи шифобахш ҳисобланади. Гуллаш пайтида унинг бандида кўп миқдорда фойдали моддалар йиғилади. Илдизи баҳор ёки кузда, яъни наъматак баргларини чиқармаган ёки тўкиб бўлган пайтда олинади.

Наъматак мевасини аёз тушгунча йиғиб олиш мумкин, совуқ урган мевалар эса ўзининг шифобахшлик хусусиятини йўқотган бўлади. Уйда наъматак мевасини қуритиш учун духовкага солинг, иссиқлик 90-100 даражага кўтарилсин, лекин духовка эшикчасини очик қолдиринг ва мевалар куйиб кетмаслигига диққат қилинг. Тўғри қуритилган наъматак мевалари қорамтир-қизил ёки сариқ рангда бўлади. Бу меваларни банкага солиб, 2 йилгача сақлаш мумкин.

Қишда шамоллашнинг олдини олишда наъматак яхши ёрдам беради. Бунинг учун 8-10 дона меваси устига 300 г қайнаб турган сув қуйинг, таъбга кўра шакар қўшинг.

Абу Али ибн Сино томоғи оғриганларга наъматакли чой ичишни тавсия қилган. Чойнакка озгина чой ва 10-14 дона наъматак солиб дамлайсиз. Шу чойдан ичиб турсангиз, хасталикдан халос бўлишингиз тезлашади. Бир ош қошиқ наъматак устига бир стакан сув қуйиб, бир оз қайнатилади, ҳар куни 4-5 маҳал оғиз чайиб турилса, оғиздан ҳид келишига даво бўлади. Швециянинг Лунд университети олимларининг айтишича, наъматак юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилашга хизмат қилади. Олимлар олти ҳафта давомида ҳар куни таркибида 40 грамм майдаланган наъматак бор ичимлик ичган бир гуруҳ ортиқча вазнли кишиларни кузатишди. Тадқиқот иштирокчиларининг қон босими ўлчанди, қон таркиби, тана вазни ва инсулинга сезгирлик теширилди.

Олти ҳафтадан кейин маълум бўлишича, тадқиқотда қатнашганларнинг барида қон босими ўртача 3,4 фоизга, холестерин даражаси эса 5-6 фоизга пасайган. Натижада юрак касалликлари ривожланиши хавфи 17 фоизга камайган. Олимлар бу ҳолатни наъматак таркибининг С витаминига бойлиги билан изоҳлашди.

Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top