«Ҳар қандай фикрни Масиҳга бўйсундириб асир қиламиз» (2 Кор 10:5).
Ассалому алайкум қадрдонлар. Инсонлар бизни ташқи кўринишимиздан, ҳатти-ҳаракатларимиздан, гап-сўзларимиздан қандай инсон эканлигимизни билишади. Масалан, бизни баъзан шарттаки, ҳазилкаш, мулойим ва доно аёл, деб билишлари мумкин. Бироқ ҳар бир инсон шу жумладан аёл киши ҳам бошқаларга маълум бўлмаган, ташқи «мен»идан мутлақо фарқ қиладиган ички «мен»ига эгадир. Агар ҳаёлларингизни кўрсатиб бера оладиган мослама бўлганида дўстларингиз ёки яқинларингиз олдида ҳаёлларингизни кўрсатиб бера олармидингиз? Агар ҳаёллар овоз чиқариш имконига эга бўлганида ҳаётингиз қандай кўринишда бўларди?!
Ҳар бир инсон яширин ҳаёлий ҳаётда яшайди. Бу ҳаёт фақат ўзимизга-ю ва яна Худога аён. Ички ҳаёлий ҳаётимиз бизнинг ташқи кўринишимиздан мутлақо фарқ қилади. Бизнинг аслида қандай инсон эканимизни фақат Худо билади. Баъзиларимиз ҳаёлот дунёсида яшаймиз, истаганимизча ҳаёл қиламиз, орзу қиламиз. Ҳаёлимизда, орзуларимизда ўзимизни ҳозиргидан бошқача – бой, машҳур ва ҳаётда жуда кўп ютуқларга эришган ҳолда кўрамиз. Баъзилар эса кимларгадир бўлган нафратини ичига ҳаёлларига кўмади. Ундайлар ич-ичидан нафрат ўтида ёнаётган бўлса ҳам ташқаридан кулиб тураверишади.
Ҳаёлий курашлар ҳам мана шу ички дунёмизда, онгимизда содир бўлади. Деярли ҳамма ҳаёл сураётганида ёки бир нималарни ўйлаётганида ёлғиз қолишни истайди.
Ҳаёл сурганингизда, ўйлаганингизда ҳеч ким ҳалал бермаса, бемалол истаганча ҳаёл суриш жуда ёқимли. Кун давомида ҳар биримизнинг ҳаётимизда турли воқеалар содир бўлади. Баъзилар кайфиятимизни кўтарса, бошқалари кайфиятимизни ҳамда чиройли ҳаёлларимизни бузиб юборади. Аммо художўй инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаёлининг поклигини сақлай билиши, уларни Худога йўналтира олиши лозим. Бу осон эмас албатта, аммо эплаш мумкин. Ҳаворий Павлус Муқаддас Каломда шундай деган эди: «Шундан ўзим қилаётнга ишларни ўзим тушунмайман: мен нимани хоҳласам, уни қилмайман ва нимани ёмон кўрсам, уни қиламан. …Демак бу ишларни мен эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади…Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди. Мен истаган яхши ишни қилмаяпман, аксинча истамаган ёмон ишни қиляпман» (Рим 7:15-19).
Хўш, бизни бу ҳаёлий жангдан ким ҳалос этади? Ким бизни қутқаради! Албатта Худованд. Ҳаёлларимизнинг ўтлаб кетишига йўл қўймасак, вақтида гуноҳли ҳаёлларни тўхтата билсак, гуноҳли ҳаёллар устидан ғалаба қозона оламиз. Кучингиз етмаган пайтда Худованддан ёрдам сўранг. Ҳар сафар ҳаёлингизга нафрат, хасад ва бошқа гуноҳли ҳаёллар келса, уларни Худованд кучи билан қувишга, тўхтатишга ҳаракат қилинг. Азизлар, сизни қийнаётган муаммолар ҳақида суҳбатлашишни истасангиз, бизнинг dilkash@najot.com электрон манзилимизга мактуб ёзиб юборинг. Бизнинг www.najot.com. сайтимиз эса сизга янги ва қизиқарли мавзуларни тақдим этишдан чарчамайди. Марҳамат қилинг.