Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун суҳбатимиз давомида Иброҳим пайғамбарнинг хатоларидан ўрганамиз. Албатта биз Иброхим пайғамбарнинг нақадар кучли имонга эга бўлганини, ҳатто Худованднинг Ўзи унга “Ҳалилуллоҳ”, яъни Худонинг дўсти, деган ном берганини ҳам биламиз. Шунга қарамай, у ҳам сиз билан бизга ўхшаш инсон бўлган. Худо уни танлади. Унинг юраги Худовандни излагани, бутлардан қониқмагани, уларни замондошлари ёки қондошлари каби бутларга сиғинмагани учун ёки бошқа сабаб биланми, Худованд Ўз халқини яратиш учун Иброхимни танлади. Иброхим пайғамбарни Худованд танлагунига қадар унинг яшаш манзилидан бошқа маълумотни билмаймиз. Бироқ Худованд бирор кимни танлаганида, унинг юрагини ҳам хисобга олишини биламиз. Иброхим Худо назари тушган инсон эди.
Narrator 2 У Худованднинг амрига қулоқ солиб, У айтган ерга қараб жўнади. Келинг, шу жойини Каломдан ўқиб билиб оламиз: “У хотини Сорайни, жияни Лутни ва орттирган ҳамма мол мулкини ҳамда Хоронда хизматга олган одамларни ўзи билан олиб, Канъон мамлакатига қараб йўлга тушди. Ибром…Шакам шахрига, Мўре деган табаррук дарахт турган маконга келди. Ўша вақтда бу ерда канъонийлар яшар эди. Худованд Ибромга зохир бўлиб: “Мен бу ерни сенинг зурриётингга бераман”, деди. … Шу орада мамлакатда қахатчилик юз берди.” Хўш, олдингизда қаҳатчилик ва Худонинг ваъдаси бор. Сиз қандай йўл тутасиз? Қахатчиликдан қочасизми ёки Худованднинг ваъдасига ишониб ўша ерда қоласизми? Иброхим пайғамбар қандай йўл тутганини биласиз. У қаҳатчиликдан қочиб, Мисрга равона бўлди. Унинг хатоси Худованднинг ваъдасидан маҳкам тутмагани бўлди. Мисрда эса бир хатосининг ортидан иккинчи хатони қилди. Хотини Сорайни синглим, деб таништирди.
Narrator 1 Нега қаҳатчиликдан қочганини тахмин қилаётгандирсиз. Каломда айтилишича, унинг ўз подаси, мол мулки ва хизматкорлари бўлган. У Худованд ваъда қилган ерда имон билан яшашни давом эттирса бўларди. Аммо ўшанда Худованд билан қандай муносабат қилишни, Унинг ваъдасига суянишни ҳали билмасди. Худованднинг ваъдасига ишончсизлик қилиб, Мисрга боргани унга катта сабоқ бўлди. Мисрда қандай воқеалар юз берди? У Мисрликлар табиатини яхши билган кўринади. Чунки Мисрликлар чиройли хотинини кўриб, уни ўлдириб хотинини тортиб олишлари мумкинлигини яхши билган. Шунинг учун ҳам хотини Сорайга “ўзингни менинг синглим, деб таништиргин” деди. У айтганидек бўлди. Бироқ Худованд ёлғонни хуш кўрмайди. У буни хатоси орқали тушуниб олди. Ўз ёлғони туфайли хотинидан ажралиб қолишига ақли етмай, ўша пайтда фақат омон қолиш ҳақида ўйлаган. Сўнг эса айтган ёлғони унга қанчалик қимматга тушганини англаб етди.
Narrator 2 Бироқ Худованд Иброхимга марҳамат қилиб, хотинини фиръавннинг қўлидан ўзига қайтарди ва фиръавннинг буйруғи орқали Иброхимни мамлакатдан чиқариб юборди. У яна аввалги ерига қайтиб келди. У Худованднинг ваъдасига ишончсизлик қилгани қандай оқибатларга олиб келганини ҳис этди. Шундай бўлса ҳам Худованд худди ёш болага сабр тоқат қилгандай, унинг хатолари ва камчиликларига сабр қилди. Ўз режаси туфайли Ибромни яна ваъда қилган ерига қайтариб олиб келди. Худованд имонли сифатида бизга ҳам ваъда беради. Шунда Иброхим пайғамбар каби ишончсизлик қилмай, бор кучингиз ва Худога бўлган ишончингиз билан Унинг ваъдасига ёпишиб олинг. Шунда Худованднинг ҳаётингизда ажойиб ишлар қилишининг гувохи бўласиз.