3:08

Аёлнинг эрига таъсири

MP3

Ассалому алайкум. Агар суҳбатларимизни тинглаб бораётган бўлсангиз, аввалги суҳбатларимиздан бирида аёлнинг дунёга ва атрофидагиларга бўлган таъсири жуда кучли деган эдик. Чиндан ҳам аёлнинг фарзандига таъсири жуда кучли, балки шунинг учун ҳам Худованд фарзанд тарбиялашнинг энг салмоқли қисмини аёллар зиммасига юклагандир. Аммо бу ҳаммаси эмас. Аёлнинг эрига бўлган таъсири ҳам катта. Бир куни яратилиш ҳақида ўқий туриб, аёлнинг эрига таъсири қанчалик кучли эканини, эркакнинг энг заиф нуқтаси аёл киши эканини билиб қолдим. Ибтидо китобида Шайтон илон қиёфасига кириб, аёлни алдаб, таъқиқланган мевадан едиргани ҳақида ёзилган. Шундан сўнг аёл эрига бориб, эрига ҳам шу олмадан егизиб кўрди.

Калом бу ҳақида шундай дейди: «Хотин кўрсаки, дарахтнинг меваси емоққа яхши, кўзга ёқимли ҳамда дид-фаросат топишга фойдали экан. У дарахтнинг мевасидан олиб, еди. Сўнг эрига ҳам берди, эри ҳам еди.» (Ибт 3:6) Каломда воқеалар жараёни мана шундай тартибда кетган. Энди мана шу воқеалар жараёнини ҳаётийлаштириб кўришга ҳаракат қилайлик. Агар Момо Ҳавони ўрнида бўлганингизда қандай ҳаракат қилардингиз. Тахминан мана шундай: мевани еб кўрардингиз, ичингизда ва онгингизда нимадир ўзгаргандай ҳис қилдингиз. Ундан ташқари Худо айтганидай ўлганингиз йўқ. Мева ҳам кутганингиздай заҳарли эмас, аксинча ширин ва мазали. Кейин эса турмуш ўртоғингизга олиб борасиз-да: «Сиз ҳам еб кўринг-да, Худо айтганидай ёмон эмас экан. Аксинча жуда ширин ва ёқимли» — дейсиз. Сизнинг сифатларингиздан, табиатингиздан бутун бир аёл зотининг қандайлигини билиб олса бўлади.

Аёл киши табиатан мулойимлик ва назокат билан нимадир қилишга кўндиришга моҳир бўладилар. Одам Ато ҳам Момо Ҳавонинг таъсирига тушиб, мевадан ейиш Худога итоатсизлик эканини билиб туриб, гуноҳ қилди. Аёл ўз эрига бир неча томондан таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, эркакнинг эркаклик табиатига қарши таъсир ўтказади. Эр-хотин оилавий бирор бир нарсани сотишмоқчи, эрнинг дўсти келиб, уни арзонроққа беришини сўрайди. Эр салкам рози бўлиб турган пайтда, аёл бир имо қилиб уни фикридан қайтаради. Мана, аёлнинг таъсири қанчалик кучли. Ундан ташқари, аёлнинг эркакка гапирадиган аччиқ сўзлари, энг кескир қиличдан ҳам яхшироқ ишлайди. Оилавий бирор нарсанинг аёл гапи билан қимматроққа сотилиши, эркакнинг эркаклик табиатининг бир четини ҳам олиб кетди.

Аёл эрига ҳам ижобий ҳам салбий таъсир кўрсатиш мумкин. Юқорида аёл киши ўзининг аччиқ гаплари билан эркакнинг эркаклик табиатига салбий таъсир кўрсатганини билиб олдик. Аммо аёл фақат салбий таъсир кўрсатмайди. «Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин», — деган мақол бекорга айтилмаган. Эркак кишининг омади юришишига, ишда муваффақиятларга эришишида аёлнинг ҳам таъсири катта. Бундай аёлни энг яхши жуфт дейиш мумкин. Ақлли-доно, эрига энг яхши ва мос келадиган мададкор бўла олган аёлни эркак кишининг энг яхши ва қимматбаҳо ҳазинаси дейиш мумкин. Чунки унга мос келадиган мададкорсиз эркак киши кўп қийинчиликлар олдида заиф бўлиб қолади. Энг яхши ва мос келадиган мададкор эркак кишига ҳаётда учрайдиган турли хил муаммолар, оғриқлар ва қийинчиликларда, унинг ёнида турадиган дардкаш, мададкор, тасалли берувчи бўлиб, ҳаётини енгиллаштиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top