2:45

Болага Репетитор керакми?

MP3

Ассалому алайкум тиниб-тинчимас, ғамхўр оналар. Аёл она бўлиши билан фарзандининг жисмонан соғлом бўлишини тилашдан ташқари, ақлий томондан ҳам салоҳиятли ва қобилиятли бўлишини истайди. Агар кузатаётган бўлсангиз, охирги пайтларда бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари репетиторга кўп мурожаат этишмоқда. Уларни бундай қилишларига сабаб нима? Бунинг бола ўқиётган мактаб ўқитувчисининг малакасизлиги, ота-онанинг фарзанди билан шуғулланишга вақти ёки имкони йўқлиги, боланинг мактаб дастурини, ҳақиқатдан ҳам, ўзлаштириш қобилияти сустлиги каби бир неча сабаблари бор. Мактаб ёшига етган ҳар бир болада ижтимоий фанлар ва математикага мойиллик яққол акс этишини кузатиш мумкин. Гоҳида бола матн мутоаласида шошиши, воқеани ажойиб тарзда ифодалаб, ҳатосиз ёза олиши мумкин.

Бироқ математика фани бўйича берилган оддий топшириқни ҳам уддалай олмайди. Ëки аксинча, бола мураккаб топшириқларни ҳам осонгина ечади-ю, грамматикага келганда, оқсаб қолади. Бола қобилиятли, аммо дангаса. Мавзуни аъло даражада ўзлаштиради. Лекин дангасалиги туфайли фанга нисбатан қизиқиши йўқ. Бундай ҳолларда болага, албатта, унинг фикрлаш доирасини ҳисобга олиб ишлайдиган, бола учун махсус тузилган индивидуал дастур ёрдамида ўқитадиган профессионал педагог-репетитор ёрдам бера олади. У боланинг мижози, фикрлаш доирасини ва ушбу фан бўйича тайёргарлигини ҳисобга олиб ишлайди. Баъзан боланинг айрим предметларга нисбатан алоҳида қизиқиши ва иқтидори борлиги намоён бўладиган ҳолатлар ҳам учрайди. Аммо, мактаб дастури алоҳида қобилият эгаларига мўлжалланмаган, аксинча, ўртача билим доирасида тузилади.

Баъзи болалар борки, ўтилган мавзуни осон ўзлаштириб олади, бошқа бирлари эса, дарсни ўзлаштириш у ёқда турсин, зерикканидан қулоқ тутишни ҳам истамайди. Мана шундай пайтларда репетитор мавзуни чуқур ўрганишга асосланган дастур тузиши лозим. Шунда мактаб ўқувчиси зерикмайди, аксинча билимини янада оширади. Бироқ бирор бир фанга қизиқиши бўлмаган ўқувчиларнинг ўтилган мавзуларни ўзлаштириши қийин бўлади. Бундай ҳолларда топшириқни бажаришга ундайдиган, боланинг қизиқишларидан келиб чиқиб, ўтилган мавзуларни тушунтириб бера оладиган репетитор топиш керак бўлади.

Хулоса, ўрнида шуни айтиш мумкинки, боланинг баҳолари пасайиб кетаётган бўлса, репатитор ёллашдан олдин унинг ўзини мустақил ишлашга ундаб кўриш лозим.

Мабодо бола шунда ҳам ёрдамга муҳтожликдан чиқиб кета олмаса ва қарорингиз қатъий ҳамда асосли бўлса, ўқимишли, боладаги озгина ўзгаришни ҳам яхши сезадиган, улар руҳиятини тушунадиган педагог-репетитор ўқувчига ёрдам бера олади. Етарлича тажрибага ва бола психологиясини тушунган репетитор ўқувчининг қобилиятини ривожлантириш билан бирга ундан максимал даражада фойдалана олади.

Репетитор топишдан олдин, болангизнинг мактабдаги қайси фанга қизиқиши кучлилигини текшириб кўринг. Болангизнинг дарс пайтида ўзини тутиши, ўқитувчи топшириғини қай даражада бажара олишини кузатинг. Тез-тез дарсларга кириб, фарзандингизнинг қобилиятлари ва заиф томонларини билиб олишга ҳаракат қилинг. Шунда унга қандай ёндашишни, қай томондан ёрдам бера олишни биласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top