Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Яна сиз қадрли тингловчиларимиз билан радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, “Дилкаш” радиоси яна эфирда. Ҳурматли радио тингловчи, биз ҳақиқатдан ҳам Худони била оламизми? Шундай бўлса, Уни таниб-билишимизда Муқаддас Китоб қандай ўринга эга? Бугунги эшиттиришимизда биз Худони билишнинг имкони борми ва Уни билиш учун қандай манбалар мавжуд, деган саволларни кўндаланг қўямиз.
Биз Худони қандай қилиб била олишимиз мумкин? Азизлар, бу саволга жавоб қўйидаги далилдан бошланади: Худо бизларни билади ва Уни била олишимиз учун рухсат беради. Унинг Ўзи бизга гапирган ва У ҳақида нимани билишимиз лозимлигини бизга билдирган. Биз фақат У ҳақда билибгина қолмай, бизни Исо Масиҳ орқали Ўзига чорлаб, Ўз фарзандлари қилганида, Унинг Ўзини ҳам била олишимиз мумкин. Худо ҳақида билишни ифодалаш учун биз илоҳиёт сўзидан фойдаланамиз. Бу сўз бир-биридан фарқли, лекин бир-бирига боғлиқ йўлларда қўлланилиши мумкин.
Лекин бу мураккаб бўлиши шарт эмас. Биз бу сўзни ҳар бир масиҳийнинг Худо ҳақидаги билимини ифодалаш учун ишлатишимиз мумкин. Муқаддас Китоб илоҳиёти Муқаддас Китобни бутунлигича билиш йўли бўлиб, у орқали биз нажот тарихининг босқичма-босқич очилиб боришини кўришимиз мумкин. Унинг бизга айтмоқчи бўлган асосий нарсаси Муқаддас Ёзувларда айтилган Худонинг хабаридир. Муқаддас Китобда биз Худони таниб бораётганимиз ва У томонидан танилаётганимиз ҳақида айтилган. Буларнинг иккиси ҳам илоҳиётнинг катта аҳамиятга эга бўлган қисмлари бўлиб, бизнинг бутун масиҳийлик ҳаётимиз мобайнида ўсиб боради.
Азиз биродарлар, бирор кишининг бундай деганини эшитганмисиз? Одатда Муқаддас Китоб ҳақида баҳс борганда кўпинча шундай бўлади: “Мен теолог эмасману, лекин…” Мен бунга қўйидагича жавоб бераман: “Йўқ, сиз теологсиз! Барча масиҳийлар теолог, фақат баъзилар бошқалардан кўра бу ишда қобилиятлироқдирлар”. Ҳар бир масиҳий Худо ҳақида билади, Худо ҳақида фикр юритади ва Худо ҳақида ўз қарашларини изҳор қилади. Шунинг учун сиз ҳам теологсиз. Масиҳий бўлишнинг ажралмас қисми шуки, биз илоҳиёт билан шуғулланамиз.
Яъни, биз Худо ҳақида тушунган турли хил тушунчаларимизни жамлаб, бу дунёда яшаётган Худо озод қилган халқ сифатида мавжудлигимизни тушуниш учун тушунчаларимиздан маъноли бир фикр яратамиз. Мақсадим, оддий масиҳийларнинг янада қобилроқ теолог бўлишларига ёрдам бериш ва бунинг натижасида улар Масиҳнинг ва унинг Шоҳлигининг янада садоқатли хизматчиларига айланишларидир. Муқаддас Китоб илоҳиётини яхшироқ тушуниб олишимиз учун, Каломни ўқиб ўрганишимиз, тушунмаган жойларимизни ибодат қилиб Худодан сўраш орқали ўрганишимиз яхшироқ бўлади. Шунинг билан азиз биродарлар, эшиттиришимизга якун ясамоқчиман. Бизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзили эса: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.