2:57

Ажралганлар ҳаёти

MP3

Ассалому алайкум. Оилаларда, меҳмонга келганлар ёки қариндош уруғлар митти болакайлардан: «Дадангни кўпроқ яхши кўрасанми ёки ойингними?», — дея сўрашади. Бу савол болакайни қанчалик қийнашини билсангиз эди?! Болакай ҳар иккисини ҳам яхши кўради, бироқ саволни нотўғри берган катталарга муносиб жавоб беролмайди. У дадасини ҳам аясини ҳам жуда яхши кўради. Бироқ «Бирини танла», — дейишмоқда.

Ëш болага кап-катта одам томонидан берилаётган бу савол юмшоқ қилиб айтганда аҳмоқонадир. Шундай савол берганларга: «Ўнг кўзинг керакми, чапи, танла», дейишса, қандай жавоб беришаркин?! Шунга қарамай, ҳаёт баъзан мурғаккина жоннинг қаршисига шундай мураккаб саволни қўяди. Бола шўрлик нима қилсин? Икки кўзидан қай бирини танласин? Ахир ҳар қандай вазиятда ҳам бола ютқизади-ку!

Катталар ўйламай ҳатога йўл қўйишади. Улар севиб турмуш қуришган бўлишларига қарамай, ҳаётнинг аччиқ-чучукларига, бир-бирининг камчиликларини ҳазм қила олмай, ажралишга қарор қилишади. Ўртада болалар сарсон. Бу ажралганлар ҳаётида энг кўп озор кўрган болалар бўлишади. Улар чиндан ҳам ота-онасини севади. Бироқ улардан бирини танлаш ўртага ташланади. Баъзи ҳолларда фарзанддан умуман сўралмайди. У ёки онаси билан ёки отаси билан қолдирилади. Ўшандай пайтда суд залида болага ҳам сўз берилганида эди! Боланинг нақадар қийналаётганини кўрган ота-оналар қарорларини ўйлаб кўришган бўлармиди. Афсуски ундай бўлмайди.

Ота-онаси ажрашган болалар мактабда ўзлаштиришда бошқалардан ортда қолади. Танаффусларда болалар билан бўлар-бўлмасга жанжаллашадиган, жиззаки, тунда яхши ухлолмайдиган бўлиб қолади.

Ота-онаси ажрашган болаларнинг деярли ҳаммасида агрессия кузатилади. Ота-онасининг ажрашиб кетиши ёш бола учун даҳшатли ҳол. Буни катталар тасаввур ҳам қила олмайди. Бундай пайтларда бола ким билан қолган бўлса, ўша инсон болага бу ҳолатни иложи борича юмшоқроқ, отаси ёки онасига нисбатан қаттиқ сўзлар ишлатмаган ҳолда тушунтириши, кўпроқ вақтини фарзанди билан ўтказиши керак бўлади. Энди бундай болага икки баробар кўпроқ муҳаббат керак бўлади. Агар бола отасини ёки онасини қўмсаётган бўлса, мумкин қадар, у билан учраштириш лозим. Бирга яшамаётган инсони билан узоқроқ вақт бирга бўлишига имкон яратиб бериш ота ёки онанинг мажбурияти. Агар чет эл киноларини кўрсангиз, ажрашган эр-хотинлар ажрашганларидан кейин ҳам соғлом, бир-бирига адоватсиз муносабатда бўлишади. Болалари билан учрашишни ҳам ҳотиржам келишиб олишади.

Бола ҳам маълум белгиланган вақтларда онаси ёки отаси билан учрашиш имконига эга. Аслида ажралишни оқлаб бўлмайди, бироқ катталар шунга қарор қилишгач, нима ҳам дея олардингиз. Шундай бўлгач, ажралган собиқ эр-хотинлар бир-бирига қора чапламай, фарзандлари олдида бир-бирини ҳақорат қилмай, фарзандининг келажаги, саломатлиги ва фойдаси учун, унга зарур бўлган ҳолатни таъминлай билишлари керак. Кўп ҳолларда ажралган аёллар эрларининг нўноқлиги, ҳаддан ташқари жаҳлдор, ҳар нарсага ураверишидан, ёки бўлмаса оилага қайишмайдиган эканидан нолишади. Кейин эса болаларини отасига қарши қайрайди. Ота қандай бўлмасин, барибир шу фарзандларнинг отаси. Болаларни отасига қарши қилиб қўйишга ҳеч қандай онанинг ҳаққи йўқ. Бола отасини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top