3:32

Қайси бири мўъжиза?

MP3

Narrator1 Ассалому алайкум. Худо ҳаётимизда ишлар экан Унинг илоҳий ниятлари ва донолигини тушунишга онгимиз ва қалбимиз ожизлик қилади. Бунга бир мисол. Яқинда бир нечта биродарлар билан суҳбатлаша туриб, уларнинг гувоҳликларидан ўйга толдим. Сиз ҳам эшитиб кўринг. Улардан бири шундай дейди. “Бир неча ой олдин дугонамдан ажраб қолай дедик. Тез-тез ҳолсизланиб ётиб қолавергач, уйидагилари уни касалхонага олиб боришди. У бир ой ичида бир нечта касалхоналарда бўлди. Охири врачлар унга саратон ташхисини қўйишди. Эри ҳам ўзи ҳам қулоқларига ишонишмади. Ҳаммамиз қайғурдик. Бундай бўлиши мумкин эмас. Аммо қайта-қайта текширувлар шуни кўрсатди. Биз биродарлар ва унинг оиласи билан қаттиқ ибодат қилиб рўза тутдик. Худованддан унинг ҳаётини сақлаб қолишини сўрадик. Бир неча ҳафталардан кейинги қайта текширувлар чоғида докторлар саратон белгиларини тополмай ҳайрон қолишди.”

Narrator 2 Бу мўъжиза эди. Худованд илтижоларимизни эшитди ва бизга марҳамат қилиб, дугонамнинг ҳаётини сақлаб қолди”. Кўп ўтмай, бошқа бир гувоҳликни эшитдим. Бир аёлга шифокорлар мия саратони ташхисини қўйишган. У аёл ва оиласи бундан қаттиқ қайғуга тушишган бўлса ҳам, аёл тез орада ўзини қўлга олган. У ҳотиржам эди. Фарзандлари ва турмуш ўртоғига далда бериб турарди. У ҳеч ҳам тушкунликка тушмай оғриқларга мардона чидаб вафот этди. Ўшандай пайтларда “Қани Худо?” “У нега ўз фарзандларига дард беради? Нега ундан қутулишига ёрдам бермайди? Нега қилинган илтижо-ю ибодатларга қулоқларини ёпиб олди?” деб куйинамиз. Агар у аёлнинг ҳаётини қарасангиз, у жуда ҳам художўй ва Худога астойдил хизмат қилганлардан бўлган. Аммо нега Худованд бундай иш тутди? Буни аёлнинг ўз касаллигига бўлган муносабатидан топамиз.

Narrator 1 У ҳали тириклигида шундай деган эди. Мен ўлишга тайёрман. Ҳаётимда қийинчиликлар кўп бўлган бўлса-да, Худованд мени ажойиб турмуш ўртоқ ва бир-биридан ширин фарзандлар билан сийлади. У менга ҳаёт берган ва истаган пайтида истаган усулда олиш ҳам Унинг ихтиёрида. Мен Унга қарши ҳеч нима қилолмайман. Мен фарзандларимни ҳам турмуш ўртоғимни ҳам жуда севаман, аммо Худовандга ишонаман. У менинг иштирокимсиз ҳам уларга жуда яхши ҳамхўрлик қилади. Уларнинг ҳаёти ва келажагини Худодан бошқа кимга ҳам ишониб топширишим мумкин? У шундай гаплар билан келганлар ва оиласидагиларнинг кўнглига тасалли берарди. У Худованд юборган синовни мардонавор қабул қилди ва ҳеч қандай нолишларсиз хотиржам кўз юмди. Хўш, юқорида эшитган иккита гувохликдан қайси бирида Худованднинг мўъжизасини кўрдингиз? Иккинчисида, деб жавоб бердингиз, тўғрими?

Narrator 2 Агар чуқурроқ ўйлаб кўрмасак ҳаммамиз ҳам шундай жавоб берамиз. Энди Худонинг ишини ўйлаб кўринг. Унинг учун қай бири осонроқ: Ўз қудратини ишга солиб, инсонни ўлимдан қутқариб қолишми, ёки инсонни бутунлай имонсиздан “Менинг ҳаётим Унинг қўлида. У нима қилса ҳам ҳаммаси менинг яхшилигим учун” дея оладиган имонлини тарбиялашми? Қайси бири ҳақиқий мўъжиза? Мен иккинчи ҳолатни ҳақиқий мўъжиза, деб ҳисоблайман. Имонлини чинаккам Худовандга меҳр қўйиш, ҳаётини ишониб топширадиган даражада кучли имон соҳиби қилиш юқоридаги холатдан ҳам қийинроқ. Аслида Худованд учун мураккаб нарсанинг ўзи йўқ, аммо инсонни бу даражага етказиш учун, кўп вақт талаб этилади. Шундай инсонни кўришнинг ўзи Худованднинг мўъжизасидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top