Narrator 1 Ассалому алайкум биродар. Ёдингиздами, ўтган сафар тасаввуримизнинг вақт машинасида Хоруннинг авлодидан бўлган Закариёнинг маъбадда хушбўй тутатқи тутатиш хизмат навбати келгани ва унинг қанчалик асабийлашгани ҳақида суҳбатлашган эдик. Каломда ёзилишича, у маъбад ичида фариштани кўрган. Энди эса у фариштани кўрганидаги ҳолатини тушунишга ҳаракат қилиб кўринг. Ўзи шундоқ ҳам қаттиқ ҳаяжонда турган Закариё фариштани кўрганида қандай аҳволга тушди экан?! 600 йил, Дониёр пайғамбар давридан бери фариштани ҳеч ким кўрмаган эди. Яна фаришта оғзини очиб, Закариёнинг ўғли Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудратида келишини айтди. Келинг, сизга каломдан аниқ қандай ёзилган бўлса, шундайлигича ўқиб бераман. “Тутатқи тутатиш вақтида катта жамоат ташқарида ибодат қилаётган эди.” Шу жойида маъбадга кириб руҳонийлик хизматини ўташ нақадар масъулиятли ва ҳавотирли бўлгани ҳақида озгина тушунча бермоқчиман.
Narrator 2 Агар хабарингиз бўлса, Худованд Мусо пайғамбарга Хорун ва унинг ўғилларига маъбадга кириш олдидан Худо буюрганидек покланиб, кейин киришлари ҳақида буйруқ берган эди. Бунда руҳоний нафақат ташқи томондан балки онги ва жони ҳам пок бўлиши керак эди. Тариҳда бир неча пайғамбар ва руҳонийлар маъбад ичида ўзини номуносиб тутгани учун ўлиб қолган. Шуни билган ҳолда умрида бир марта навбати Закариё бу маросимга яхшилаб тайёргарлик кўргани аниқ. Муқаддас Каломда у ва аёли Елисавета солиҳ ва художўй деб ёзилганига қарамай, бу хизматга енгил қараш мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам ташқарида катта жамоат унинг учун ибодат қилиб турарди. Келинг, ундан кейин нима бўлганини эшитамиз: “Шу пайт Худованднинг бир фариштаси тутатқи тутатиладиган қурбонгоҳнинг ўнг ёғида пайдо бўлиб, Закариёга зоҳир бўлди. Закариё уни кўриб эсанкиради-ю, ваҳимага тушди.
Narrator 1 Фаришта унга деди: — Закариё қўрқма, чунки сенинг илтижоларинг ижобат бўлди. Хотининг Елисавета сенга бир ўғил туғиб беради ва унинг исмини Яҳё қўясан. У сенга шодлик ва бахт саодат келтиради, унинг туғилганидан кўплар қувонади. У Худованд назарида улуғ киши бўлади. Маю-шаробни асло ичмайди. Онаси қорнидан у Муқаддас Руҳга тўлиб тушади. Исроил фарзандларидан кўпларини у ўзларининг Эгаси-Худовандга қайтариб қўяди. У Илёс пайғамбарнинг рухи ва қудрати ила Раббимиз олдида юриб келади.” Албатта, Илёс пайғамбар Яҳё пайғамбар суратида қайта келмаган, аммо Яҳ пайғамбарда ўша Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудрати бор эди. Биз бу парчада Закариёнинг хатосидан ўргансак бўлади. Шубҳага тўла гапни айтгандан кўра жим тургани яхшироқ эди. Аммо Закариё бундай қилмади. У фариштанинг сўзларига ишонмаётганини сўзлари орқали билдириб қўйди.
Narrator 2 “Мен бунга қандай амин бўламан, Мана, мен ўзим қариб қолдиму, хотинимнинг ёши ҳам ўтиб қолди, — деди.” Бунинг натижасида, фаришта уни то ўғли туғиладиган пайтгача соқов қилиб қўйди. Мен ҳар сафар Закариёнинг унга берилган ваъдага ишончсизлиги ҳақида ўйлаганимда, Худо ҳақидаги бошқа бир ҳақиқатни эслайман. Худованд Яҳёни Исо Масиҳдан олдин юборишни режа қилган эди. Яҳёнинг отаси Закариё Худо ният қилган нарсага ишонмагани учун, бажо келтирмай қўйдими? Йўқ. У барибир Ўз ниятини амалга оширди. Худога шукурки, баъзан имонимиз оқсаган пайтлари бўлса ҳам, Худованд Ўз иродасини амалга оширади. Бугунги Закариё ва Яҳё пайғамбар ҳақидаги мулоҳазаларимиз сизга маъқул бўлган бўлса, шу каби инсонлар ҳаёти ҳақида бизнинг www.dilkashradio.com сайтимиздан кўпроқ топишингиз мумкин.