Narrator 1 Ассалому алайкум. Ёшлар ўқишни тугатганидан сўнг ишга кириб ишлашни ва ўзи пул ишлаб топишни орзиқиб кутишади. Ўзларига турли ҳил саволларни беришади. Ишлаб юрган иш ўрнимиз қанчалик қулай бўлиши керак? Ҳамкасбларимиз биз учун муҳимми? Бу саволларнинг барига ишда муваффақият қозонган кишилар тажрибасига суянган ҳолда жавоб беришга ҳаракат қилдик. Инсон қиладиган ишини севиши керак. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, доимо ўзингиз севган ишда ишланг. Фикримизча, ҳамманинг ўзи завқланадиган ва танлаган касби бор. Сизни ва албатта сиз ҳурмат қиладиган кишилар билан ишланг. Ҳурмат — иш жойидаги асосий нарсалардан бири. Бироқ сизни ҳурмат қилишлари учун сиз ҳам бошқаларни ҳурмат қилишингиз ва шунга сазовор бўлишга ҳаракат қилмоғингиз керак. Бироз эртароқ боришни истамайдиган ишингизни дарҳол ташланг. Сизга бундай ишнинг кераги йўқ. Мажбурликдан ишламанг.
Narrator 2 Ҳаётда асосий нарса пул эмас. Лекин яхши пул топа оладиган ишни қидиринг. Ахир бир умр кўнгилли бўлиб ишлай олмайсиз-ку! Борди-ю, сизга иш таклиф қилишса ва берилган ишни эплай олмайман, деб ўйласангиз ҳам камида уч марта уруниб кўринг. Ишни эпласангиз мўмайгина дуромадга эга бўласиз, агарда уддалай олмасангиз ҳам зерикмайсиз, яхши тажриба орттирасиз. Вақтида олинган тажриба кейинчалик бошқа иш топишингизга кўмакчи бўлади. Бирор ишни танладингизми, ишга ўз вақтида боринг. Кўпи билан 10-15 дақиқа вақтли борсангиз бўлади. Бошқалар ишга келгунча сиз кун давомида қиладиган ишларингизни режалаштириб қўйган ёки аллақачон бошлаб юборган бўласиз. Шунда кун давомида қилган ишларингиз унади. Ишга жуда эрта бориш ҳам ярамайди. Агарда ишга ярим соат ёки бир соат олдин борсангиз, ҳамкасбларингиз сизни шу ишдан бошқа юмуши йўқ, деб ўйлашади.
Narrator 1 Ўзингизни доим иши роса кўп одамлардек тутинг. Шунга қараб ишни ўзи сизни топиб келаверар экан. Лекин ҳеч қачон кечикманг. Барча ишларингизда жавобгарликни ҳис қилинг. Қанчалик баланд лавозимда ишламанг, доимо ундан баландроғига интилинг. Ишингиздан зериксангиз, янгилик яратинг. Хоҳлаган касб учун ихтиролар жуда муҳим рол ўйнайди. Ёдда тутинг! Ҳамкасбларингиз сизга ҳақиқатдан ҳам зарурдир, лекин устунлик сиз томонда бўлиши керак. Ишингиз учун кўп вақт ажратинг. Касбни танладингизми, ўз касбингизнинг маҳоратли эгаси бўлишингиз керак. Бунинг учун ўз устингизда тинимсиз ишланг, янгиликлар киритишга ҳаракат қилинг.
Ишингизни янгилашдан қўрқманг. Янги иш жойи, янги ҳамкасблар сизга ижобий ўзгаришларни олиб келади. Ишингизни севинг, аммо унутманг ҳеч нарса бир умрга эмас. Кези келганда, кўзни юмиб кечиб юборишингизга тўғри келса, афсусланманг.
Narrator 2 Ким бўлиб ишласангиз ҳам доим ўз ишингиз юзасидан тадқиқотлар олиб боринг. Изланинг, ўқинг, ўрганинг. Ишни йўқотиш жуда осон, лекин иш топиш анча мушкул вазифа. Мен ҳалигача ўзим хоҳлайдиган юрагимдаги ишни топганимча йўқ. Менимча энг яхши иш – бу ўзингиз очган ишдир. Барча иш жойларида хам келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Ҳар кимнинг ҳам ўз характери бор. Кимдир гап кўтармайди, кимдир ичидагини айтолмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳамкасбларингиз билан келишиб ишлашга ҳаракат қилинг. Киришимли бўлиш ва уларни қандай бўлса шундайлигича қабул қилсангиз, уларнинг сизга бўлган ҳурмати ошади. Нима бўлгандаям, чин дилдан ўзингиз хоҳлаган касбни танлаб, ишлаш насиб этсин.