3:31

Акклиматизация

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ёзнинг жазирама иссиғида ким ҳам соя-салқин жойларга боришни истамайди дейсиз. Бироқ одатий иқлим шароитига мослашган инсон организми бутунлай янги муҳитга ўтар экан, маълум муддат стресс ҳолатини бошдан кечиради. Бу жараён баланд тоғли ҳудуддан паст-текисликлар, шаҳардан нам ва салқин дам олиш масканларига борган ёки қишки таътил вақтида илиқ ва оромбахш денгиз бўйига саёҳатга чиққан инсонларда ҳам кузатилиши мумкин. Мазкур мослашиш жараёни илмий тилда акклиматизация номини олган бўлиб, нафақат об-ҳаво ва иқлим ўзгаришлари, балки соат минтақалари, овқатланиш рациони ва ичимлик суви сифати алмашганида ҳам рўй беради.  Иқлим шароитининг алмашинуви натижасида нафақат ташқи муҳит, балки инсон ички тана аъзолари ишида ҳам физиологик, биокимёвий ва руҳий қайта мослашув жараёни бошланади. Ҳаттоки организм ҳаво ҳароратининг 10 даражага ортиши ёки тушишини ҳам дарҳол “сезади” ва юқоридаги ўзгаришларни бошлаб юборади.

Narrator 2 Масалан, ҳаво ҳарорати ва атмосфера босими сингари кўпгина ташқи омиллар юрак қисқаришлари частотаси, нафас олиш, тана ҳарорати ва бошқа ўзгаришларни келтириб чиқаради. Ички кескинликнинг ортиши, ўз навбатида, ташқи томондан ҳолсизлик, бош оғриғи ва ошқозондаги айрим муаммолар кўринишида намоён бўлади. Бу ҳолат самолёт орқали бир нечта иқлим ва вақт минтақалари қисқа муддат ичида алмашилганда, айниқса, кучлироқ сезилади. Шу билан бир қаторда, мавжуд ташқи муҳитга жуда тез мослашиш ва ўзини яхши ҳис этиш эса организмда акклиматизациянинг йўқлигини англатади. Мутахассислар акклиматизациянинг бир нечта кўринишларини санаб ўтишган. Жумладан, иссиқлик билан боғлиқ акклиматизациянинг энг муҳим аломатлари тер ажраб чиқилишининг ортишида кўринади. Иссиқ иқлимга мослашувчан кишиларда терлаш жараёни эртароқ ва кўпроқ терлаш кузатилади.

Narrator 1 Бу эса улар организми танадаги ортиқча ҳароратни шу йўл билан ташқарига чиқаришда самаралироқ ишлашини англатади. Денгиз сатҳидан баландроққа кўтарилганда ҳам акклиматизация аломатлари намоён бўлиши мумкин. Бунда аксарият ҳолларда организмда кислород танқислигига дош бера олмаслик кузатилади. Натижада руҳий ва жисмоний фаолият сустлашиши мумкин. Бунда денгиз сатҳидан 2500 метр баландликдан бошлаб ўпка ва бош миянинг шишиши чанқоқ, чарчоқ, бош оғриқлари ва бош айланиши каби аломатлар юзага чиқиши мумкин. Одатда акклиматизация давомийлиги 5-6 кунни ташкил этади. Жараённинг қанчалик узоқ муддат давом этиши эса кўпгина омилларга боғлиқ. Мутахассислар акклиматизация жараёнининг юмшоқроқ ўтиши учун энг аввало овқатланиш тартибига қатъий риоя этишни тавсия қилишади.

Narrator 2 Шу билан бирга, ортга қайтганда ҳам организмнинг одатий муҳитга мослашиши рўй беради ва бу жараён реакклиматизация номини олган. Бу жуда тез ва осон кечиб, олимлар саёҳатчида даставвал уйига қайтганидан сўнг биринчи куни ўз таассуротлари билан ўртоқлашиш, яхши кайфият, ижобий ҳиссиётлар, ҳаётий кучнинг ортишини қайд этишган. Иккинчи-учинчи кунлари эса реакклиматизация ўз кучини кўрсата бошлайди. Бунда ҳам юқоридаги аломатлар юзага чиқиши мумкин. Кўп ҳолларда акклиматизация аломатларига шамоллаш белгилари сифатида қаралади ва бундан халос бўлиш учун турли дорилар, жумладан, антибиотиклар қабул қилинади. Бу нотўғри. Акклиматизация аломатлари: ҳолсизлик; лоҳаслик; томоқ оғриши; иммунитетнинг сустлашуви; иштаҳанинг бузилиши; хафсаласизлик; уйқунинг бузилиши. Шундай белгиларни сезсангиз, дарров дори қабул қилишга шошманг. Танангиз курашишига қўйиб беринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top