3:35

Бутруснинг Масиҳдан олдинги ҳаёти

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ҳаворий Бутруснинг ҳаёти Муқаддас Каломдаги ўзгарган ҳаёт ҳақидаги энг ажойиб ҳикоялардан биридир. Ҳаворий Бутруснинг ҳаёти ҳақида Масиҳнинг бошқа шогирдларидан кўра энг кўп ҳикоя қилинган. У албатта имонда кучли ва собит турган шогирдлардан эди. У оддий оиладан чиққан. У тахминан эрамиздан аввалги 1 асрда дунёга келиб, эрамизнинг 67 йилларида вафот этган. Унинг асл исми Симон бўлган бўлса ҳам, Исо Масиҳ унининг исмини Бутрус яъни “тош” деб ўзгартирди. У Жалилалик бўлиб, Масиҳнинг яна бир Идрис деган шогирдининг акаси эди. Ака-укалар Байтсайда деган қишлоқда яшар эдилар. Бутрус оилали эди. У ҳам Яҳё чўмдирувчининг шогирди бўлган. Тахминларга кўра, Бутрус билан унинг укаси Идрис Исо Масиҳ чақирган шогирдлардан энг биринчиси бўлган. Исо Масиҳга эргашиш учун у ўз балиқчилик касбини ташлади.

Narrator 2 Ўша даврда балиқчилар ўзига қарамай, кир-чир кийимларда юрадиган қўпол ва тили бузуқ кишилар бўлишган. Бу даврда балиқчиларни эркакларнинг хўрози деб хисоблашарди. Сабаби улар кучли ва серғазаб кишилар бўлишган. Эҳтимол шунинг учун ҳам бошқа ака укалар — Ёқуб билан Юҳаннони “Момақалдироқ ўғиллари” деб аташгандир. Балиқчилик қилиш учун инсондан жуда кўп меҳнат ва куч талаб қилинарди. Улар денгизда кўтарилган бўрондан қўрқмайдиган даражада қўрқмас ҳам бўлишлари керак эди. У шундай одам бўлишига қарамай, Исо Масиҳ унга “Менга эргаш”, деганида ўйлаб ҳам ўтирмай, ҳамма нарсасини ташлаб, Исо Масиҳнинг ортидан кетди. У Исо Масиҳнинг чиндан кимлигини ичидан ҳис қилган ва иқрор бўлган шогирд эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам Масиҳ уни чақирганида, Унинг илоҳий Зот эканини англаган ҳолда Масиҳнинг ортидан эргашгандир.

Narrator 1 Унинг қалби Худога интиладиган бўлгани учун ҳам Бутрус Исо Масиҳнинг қаршисида туришга нолойиқ, гуноҳкор инсон эканини англаган. Шунга қарамай, Масиҳ ака-укаларни “инсон овчилари ” қилишга ваъда берди. Жуда ажойиб! Демак, Худо бизга бирор нимани ваъда қилаётганида ёки ҳаётимизга берганида уларни бизга эмас, Ўзига ишониб топширар экан-да! Худованд жуда ажойиб! Бугун қайси биримиз Исо Масиҳга эргашиш учун ўз ишимизни ва бизнесимизни ташлаб кета оламиз?! Бутрус жасур ва дадил инсон эди, аммо у бу жасурлигини кўпинча нотўғри ишлатарди. Исо Масиҳ шогирдларидан қайсилари Унга содиқ қолишини ва қай бири Унга ҳиёнат қилишини ҳам биларди. Бутрус Исо Масиҳнинг ёнида юриб, Унинг мўъжизаларига гувоҳ бўлган ва ҳатто бир марта тоғда Масиҳнинг илоҳий қиёфасини ҳам кўрган.

Narrator 2 Исо Масиҳнинг шогирдлари Масиҳдан охирги буюк топшириқни олганларидан кейин ҳаворийлар бўлдилар. Чунки ҳаворий сўзи “юборилган” деган маънони англатади. Ҳосил байрами кунида Масиҳ ҳақида жасорат билан хушҳабар айтган ҳам Бутрус эди. Маъжусийларга хушҳабарни етказган ҳам биринчи у бўлган. Марк китобини ёзилишида Бутруснинг ҳиссаси катта, деган тахминлар бор. Улардан бирига кўра, Бутрус Масиҳ билан бўлган воқеаларни айтиб турган, Марк эса уларни қоғозга туширган. Агар Марк хушҳабарини ўқисангиз, Бутруснинг ўзи гувоҳ бўлган воқеалар майда тафсилотларигача келтирилган. Марк Исо Масиҳнинг шогирди ёки ҳаворий ҳам бўлмаган. У ёзган хушҳабар китоби Бутруснинг ўзи гувоҳ бўлган воқеалари асосида яратилган. Унинг ўлими яқинлашганида деярли ҳамма ҳаворийлар ўлдирилган эди. Уни эса ўзининг талабига кўра, хочга тескари михлаб қатл қилишган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top