3:30

Суҳбатдошингиз рост гапиряптими?

MP3

Narrator 1 Биз катталар фарзандларимизга ҳамиша: «Ёлғон гапирма, бўйнингга қилич келса ҳам рост гапир», деймиз, аммо ўзимиз бунга амал қиламизми?.. Руҳшуносларнинг фикрича, одамлар рост гапириш билан бирга ора-чора ёлғон ҳам гапириб турар эканлар. Тадқиқотчилар бир гуруҳ талабалар, уй бекалари ва тадбиркорларни тест синовидан ўтказишди. Натижалар шуни кўрсатдики, одамлар суҳбатдошларидан кунига икки-уч бор ёлғон гап эшитишар экан. Яъни, агар биз бирон киши билан ўн дақиқа суҳбатлашсак, шунинг 2-3 дақиқаси ёлғонга сарфланар экан. Бироқ бу ёлғонлар безарар, бировга ёмонлик келтирмайдиган ва балки кўнгилни кўтариш учун ишлатиладиган манзиратлардир. Қарангки, ёлғон гапириш кишининг жинсига, касб-кори, ёши, бўйининг паст ёки баландлигига боғлиқ эмас экан. Тадқиқотлар мобайнида психолог-олимлар бир гуруҳ севишганлар билан суҳбат ўтказишди.

Narrator 2 Шунда уларнинг 80 фоизи севган инсондан ўтмишини яширган. Ўтмиши ҳақида умуман гапирмаслик севишганларга хос хусусият экан. Маълум бўлишича, эр-хотинлар бир-бирларини иложи борича алдамасликка ҳаракат қилишар экан. Аҳил оилаларда 10 фоизгина ёлғон ишлатиларкан, холос. Аёллар асосан эрларининг шаънини ҳимоя қилиш учун ёлғон гапиришади. Аммо эркаклар ишқий саргузаштлари  борасида аёлларга нисбатан саккиз марта кўпроқ ёлғон гапиришади. Одамлар бегоналарга нисбатан яқин кишиларини кўпроқ алдашади. Тадқиқотлар пайтида ҳар тўртинчи одамдан бири фақат яхши ниятда алдашини айтган. Масалан: «Умримда бу қадар ширин таом емагандим!» дея мулозамат қилиш ҳам ёлғон ҳисобланади. Одам баъзан ўзини ҳимоя қилиш учун айтайлик бировнинг уйига сув тошириб юборганида ҳақиқатни четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Narrator 1 Шунингдек,  севгиси рад этилган инсонларга ҳам ёлғон ишлатилиб турилади: “Сиз ранжиманг, аслида бундан ҳам гўзал  қизнинг муҳаббатга лойиқсиз”, каби гаплар, тасаллилар берилади. Бундай таъриф бежизга берилмаган. Кўзлар сўзимизга нисбатан кўпроқ маълумотни ошкор этади. Олимлар икки суҳбатдош устида ғалати тажриба ўтказишди. Суҳбат асносида ёлғончининг кўз ҳаракати, кўз қорачиғи суратга олинди. Хулоса ўша-ўша: ёлғончи алдаётиб суҳбатдошининг кўзига қарамасликка уринди. Шу боис сизга ишонишларини истасангиз, сўзлаётганда кўзингизни олиб қочманг. Одамлар ерга боқиб ёки четга қараб гапирадиганларга камроқ ишонч билдиришар экан. Гарчи суҳбатдошингиз сиздан умуман кўз узмаса-да, бу унинг сизга нисбатан самимий эканини билдирмайди. Бундай ҳолатда суҳбатдошнинг  кўз қорачиғига эътибор қилиш зарур.

Narrator 2 Агар у кенгайиб кетган бўлса, бу инсон сизни ёқтиради, торайган ҳолатдагиси сизни жини суймаслигини билдиради. Овознинг қандай жаранглаши орқали ҳам ёлғончини фош этиш мумкин. Аслида ёлғончилар баланд овозда гапиришади, шу таҳлит ишончни кучайтиришга уринишади. Аммо овознинг нотабиий чиқиши ҳам ёлғонни фош этади. «Рост сўзнинг асосий белгиси оддийлик ва фикрни аниқ ифодалашдир. Ёлғон сўз мураккаб, тушунарсиз ва сербўёқ бўлади». Ёлғончи суҳбатдошини асосий мавзудан чалғитиш ниятида кўп гапиради. Шу билан бирга бир фикрни икки-уч хил шаклда такрорлаб чарчамайди. Баъзи ёлғончилар алдашнинг нисбатан ишонарли усулидан фойдаланишади. Яъни, улар рост гапга ёлғон қўшиб гапиришади. Бу ҳолатда уларни ажратиш қийинлашади. Хулоса шуки, баъзида кишининг нима ҳақида гапираётганидан кўра, қандай сўзлаётгани муҳим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top