Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳаётида кўплаб қийичиликлар кўрган инсон борган сари юраги қаттиқлашиб боради. Ёки унинг акси бўлиши мумкин. Худо бизни қийинчиликлардан ҳимояламайди. Аксинча имонлилар ҳаётига қийинчиликлар келишига йўл қўяди. Бу албатта бир мақсад ва Худонинг режаси асосида рўй беради. Бироқ биз барибир инсонмизда, Унинг режаларини кўролмаймиз. Ҳаётимизда бўлаётган қийинчиликлар биз учун ҳаддан ташқари оғир ва катта бўлиб кўринади. Бизнинг аҳволимиздан ҳам ёмонроқ аҳволдаги инсонлар борлигини эсламаймиз. Агар ҳаётга ва тарихга диққат билан назар солсак, бизданда кўра кўпроқ қийналган инсонлар бўлганини кўрамиз. Масалан, Иброҳим пайғамбарнинг бошига тушган синовларни эсланг. Аввалига фарзандсиз юрди. Кейин Худо фарзандинг бўлади, деб ваъда берганидан кейин ҳам, узоқ вақт Худованд ваъдасини бажармади. Кутиш оғир эди.
Narrator 2 Ва нихоят фарзандли бўлиб, ўсмир ёшига етиб қолганида Худо бошқа амр берди: “Ўғлингни Менга қурбон қил!” Бу чидаб бўлмас азоб эди. Қайси ота ўз қўли билан суюкли ва узоқ кутган ўғлини ўлдиришга ҳадди сиғади. Йўқ! Бундай бўлиши ақлга сиғмайди. Худо ўз сўзига қарши амрларни беряпти! Мен бундай қилолмайман! Иброҳим пайғамбарнинг юрагидан мана шундай азобли фикрлар ўтган бўлиши керак. Аммо у Худога кўпроқ ишонарди. Ўғлига бўлган севгиси қанчалик кучли бўлмасин, Худованднинг бошқа режаси борлигига ва У ўликларни ҳам тирилтира олишига, Унинг беҳад қудратига ишонарди. Шунинг учун ҳам ўғлини қурбон қилмоқчи бўлган ерни “Худо таъминлайди”, деб атади. Муқаддас Каломда Худога ишонганлар ҳаётида қаттиқ умидсизликка тушган, Худо ташлаб қўйгандек туюлган ҳолатлар бўлган, аммо улар Худога маҳкам ёпшиб олганлар.
Narrator 1 Забур 129 боб мана шундай бошланади: “Эй Эгам, тубсиз сувлардан Сенга нола қиламан. Эй Раббий, менинг овозимни эшитгин! Илтижоларимга диққат ила қулоқ солгин!” Агар Исроил халқининг подшохи, пайғамбари ўзини шундай ҳис қилган бўлса, бизнинг ундан нима ортиқ жойимиз бор? Биз ҳам ҳаётимизнинг оғир дамларида мана шу оятлардан тасалли топамиз. Забурда яна шундай ёзилган: “Эй Исроил! Умид қилгин Эгамиздан! Эгамиз содиқ севгисини кўрсатади. Қутқаришга У доим тайёр!” Биз инсонлар фақат кўзга кўринадиган нарсаларни кўрамиз, аммо Худованд бизнинг кўзимиздан яширин бўлганларни ҳам кўради. У юракнинг энг яширин жойларини ҳам кўради. Ундан яширин ҳеч нарса йўқ. Худо айтилмаган фикрларни ҳам эшитади. Юракнинг асл мақсадини ҳам билади.
Narrator 2 Баъзида, биродарларнинг ноўнғай чиққан сўзларидан ҳафа бўламиз, гарчи улар юракларида буни истамаган бўлсалар ҳам. Ҳар биримизда шундай ҳолат бўлиши мумкин. Истамаган ҳолда, назарда тутмаган ҳолда бировни ҳафа қилиб қўямиз. Айтишларича, дурадгор унга келтирилган кесилган дарахт ёғочларини кўриниб турганидай эмас, бир чиройли уйга мустаҳкам устун, чиройли стол ёки ётоқ сифатида кўрар экан. Худо ҳам бизни мана шундай келажакда қандай кўринишимиз керак бўлса худди шундай кўради. Биз ҳам бир-биримизга мана шундай қарашимиз керак. Худо бизни худди дурадгордай кераксиз жойларимизни ўйиб, керак жойларига ишлов бераётган чоғида оғриқлар ва азобларга дуч келамиз. Азоблар эса бизни Худога яқинлаштиради. Шундай пайтларда Худога яқин бўламиз. Юнус пайғамбар шундай деган эди: “Эй Эгам, қайғули дамларимда Сенга қилдим илтижо,Илтижоларимни Сен эшитдинг. Ўликлар диёрининг қаъридан фарёд кўтардим, Сен эшитдинг овозларимни.”