MP3

Ассалому алайкум азиз мухлислар. Сиздек азиз биродарларимиз билан яна мавзуларимиз орқали учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, агар айбдор “Кечир” дейишни истамаса-чи? Ундай холатда кечирим бир томонлама бўлиши мумкинми?

Айбини тан олмаётган одамни кечириш қандай бўлиши мумкин? Кечирим икки томонлама бўлмас экан, муносабатларни тиклаш мумкин эмас. Ярашиш иложсиз эканлигига кўзимиз етса-да, бу одамни аразда бўлишига қарамай, севишда давом этамиз.

Чунки азиз дўстлар, Худо ҳам худди шундай йўл тутади. ”Душманларингизни севинглар, сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сиздан нафратланганларга яхшилик қилинг.

Сизнинг номингизга иснод келтирганлар учун, сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар. Шунда сиз осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устида ҳам, яхшилар устида ҳам балқитади, ёмғирини солиҳлар устига ҳам, фосиқлар устига ҳам ёғдиради”.

Биз кечирим беришнинг илк қадамларини ташлашимиз мумкин: туйғуларимизни аниқлаштириб олиш,бўлган воқеани ҳолис баҳолаш, сизни айблаган кишида инсонни кўра олиш. Шундан сўнг биз бу одамни севишга ўзимизда куч ва ирода топа олишимиз керак.

Бу эса нафрат ва ўч олиш истагидан бутунлай воз кечиш деганидир. Агар оч қолган душманимизни учратиб қолсак, унга овқат ва сув бериб тўйғазамиз. Ярадорни учратсак, жароҳатларини боғлаб қўямиз.

Аммо бизга ёмонлик қилмоқчи бўлган одамни учратгудек бўлсак, жон-жаҳдимиз билан уни тўхтатишга ҳаракат қиламиз. Муҳаббат ўта нозик ва шафқатли бўлиши мумкин, бироқ шу билан бирга у адолатли ғазабга тўлган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳазрати Исо муҳаббатнинг бу икки томонини бизга жуда яхши кўрсатиб берган. У жамият ранжитган одамлар билан, ҳамма ҳазар қиладиган омадсизлар билан хуш муомалада бўлган. Ҳазрати Исо ўйламай-нетмай ночор халқни оғир солиқларга кўмиб ташлаган манман амалдорларга нисбатан Ўз ғазабини очиқ баён қилган.

Кимнидир қутқаришга қаратилган ғазаб, хайрли мақсадлар йўлида хизмат қилиши мумкин. Ичимиздаги ғазаб туфайли биз атрофимиздагиларга паст назар билан қарай бошладикми, демак ғазаб ҳавфли тус олган бўлади. Агар ғазабимиз бўлаётган ҳодисани яхшиликка ўзгартиролмаса, ундан ҳалос бўлишимиз керак.

Азиз биродарлар, шу ўринда Раббимиз Исо Масихни хочда осилиб турган жойидан туриб Ўз душманларига нисбатан: “Ота, уларни кечир”- деган сўзларини эслашнинг ўзи кифоя бўлса керак. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Азизлар, албатта ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва дўстларингиз билан бўлишинг. Ҳозирча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top