3:07

Гепатит: сариқ касаллиги

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Гепатит кенг тарқалган касалликлардан ҳисобланади. Жумладан, юртимизда ҳам ушбу касаллик тез-тез учрайди ва шу боис қуйида ана шу касаллик ҳақида батафсил маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Сариқ касаллиги, яъни гепатит бу – жигар ҳужайраларининг зарарланишидир. У гепатит чақирувчи вируслар, турли кимёвий моддаларнинг таъсири, яъни дори воситалари, лак, бўёқ билан доимий ишловчи, уксус, спиртли ичимликларни сурункали истеъмол қилувчи кишиларда касалланиш хавфи юқори бўлади, механик таъсир, яъни жигардаги ўсимталар, ўт йўлларида тошнинг пайдо бўлиши туфайли келиб чиқиши ҳам мумкин. Вируслар таъсирида келиб чиққан сариқ касаллиги вирусли гепатит бўлиб, атрофдагилар учун юқумли саналади. Вирусли гепатитнинг энтерал, яъни, оғиз орқали юқувчи, парентерал — тери ва шиллиқ қаватлари бутунлигининг бузилиши туфайли зарарланган қон ва қон препаратлари орқали юқади.

Вирусли гепатит A ва E турлари, ювилмаган қўллар, вирус билан зарарланган озиқ-овқатлар, қайнатилмаган сув орқали организмга тушади. Вирусли гепатит B, C, D ларда тери ва шиллиқ қаватлари бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ муолажалардан фойдаланилса, вирусли гепатит А, Е да қўллар тоза бўлса, сув қайнатиб ичилса, мева ва сабзавотлар ювиб ейилса ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинса, у сира ҳам юқмайди. Вирусли гепатитнинг С тури билан касалланган беморларда сариқ касаллигининг барча клиник белгилари юзага чиқади. Масалан қорин оғриғи, тери ва шиллиқ қаватларнинг сарғайиши, умумий ҳолсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, пешобнинг тўқ сариқ рангга кириши кабилар кузатилади. Бунда жигарнинг шишиши ва умумий заҳарланиш белгилари ҳам пайдо бўлади. Вирусли гепатит С ташувчиларида эса клиник белгилар кузатилмайди. Улар соғлом инсонлардек юришлари мумкин.

Вирусли гепатит С бутунлай тузалиб кетмайди. Чунки вирус организмдаги жигар ҳужайраларида сақланиб қолади. Гепатитнинг А гуруҳи эса буткул соғаяди. Уй шароитида вирусли гепатитни аниқлаш йўлларини қўллаш тавсия этилмайди, бунинг устига улар аниқ ташхисни беролмайди. Шунинг учун касаллик белгилари сезилганда, зардоб ферментлари, қон таҳлили топшириш лозим бўлади.

Иммуномарказларда вирусли гепатит А га қарши бир йилда икки марта эмланади. Ушбу эмлаш жараёнининг ҳар бири 80 минг сўм атрофида туради. Вирусли гепатит В га қарши 02 39-07-сонли санитария меъёр ва қоидаларига асосан бола туғилганда туғруқхонада, туғилганидан кейин 1 ойдан сўнг, 6 ойдан сўнг, бундан кейин эса 3 турда бепул равишда оилавий поликлиникаларда эмланади.

Вирусли гепатитга қарши вакцинация тўлиқ, қоидаларга риоя қилинган ҳолда олинган бўлса, касалликнинг қайта юқиш хавфи жуда кам бўлади.

Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top