Ассалому алайкум ҳурматли мухлислар. Яна сиз азиз биродарларимиз билан билан учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, биздан нега инсон гуноҳкор табиат билан туғилади деб сўрашса, биз бошимизни эгиб, ҳақиқатни тан олиб, раҳмли Худонинг олдида камтар бўлиб:
“Чунки бизлар Одам Атонинг авлодларимиз,” – деб жавоб беришимиз лозим. Сиз буларнинг бари болаларни сувга чўмдириш билан нима боғлиқлиги бор деб ўйлаётган бўлсангиз керак?
Гап шундаки, Худонинг Одам Атога бўлган муносабати, Худонинг бутун инсоният билан ҳам шундай муносабатдалигини кўрсатади. Муқаддас Калом, Худо иноят қилади ва отанинг гуноҳи учун фарзандидан ўч олади дейди.
Ибтидо китобининг олтинчи бобида Худо Нуҳга иноят қилди, Худо бутун жонзодни қириб ташлашга ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, Нуҳни қутқаришни истади. Ибтидонинг саккизинчи бобида:
“Нуҳ Худонинг илтифотига сазавор бўлган” – деб аниқ ёзилган. Кема сузиб кетаётганда Нуҳ кемада ҳайвонлар билан бирга фақат ўзи эдими? Албатта йўқ, Худо Нуҳга ўз хотинини ва уч ўғлини ўз хотинлари билан бирга олишни буюрган эди.
Худо Нуҳнинг оиласини ҳам қириб ташлаши мумкин эди, лекин Худо Ўзи танлаган кишиларининг оиласига ҳам доим алоҳида эътибор берган. Ибтидо китобининг 17 боби 7 оятида Худо Иброҳим билан оқланиш аҳдини тузади.
Худо Иброҳимга бу аҳд унинг фарзандларига, невараларию чевараларига, умуман бутун авлодларига ҳам мерос бўлишини айтади. Буни англашга ҳаракат қилинг. Бу фарзандлар ҳали туғилмасидан ва иймон келтирмаслариданоқ, Худо келажакда уларга ғамхўрлик қилишни ваъда қилди.
Худо келажак ҳақида шунчаки гапиргани йўқ. Бу пайғом эмасди – бу аҳд эди. Худо фақат Иброҳимнинг ўзи билан аҳд туздими? Йўқ, Худо Иброҳим ва унинг бутун оиласи билан аҳд тузди. Тўрт юз йилдан сўнг Иброҳимнинг оиласидан, миллион кишидан иборат бўлган катта халқ пайдо бўлди.
Мисрликлар уларни азоблашганда, улар Худога мурожаат қилишади. Худо уларнинг ибодатларига қандай жавоб бергани Чиқиш китобининг 2 боби 24 ва 25 оятларида ёзилган: “Шунда Худо уларнинг нолаларини эшитди ва Худо Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан тузган аҳдини эслади. Шунда Худо Исроил ўғилларини кўрди ва уларни Ўз паноҳига олди.”
Нега Худо бу қулларни Ўз паноҳига олди? Улар озчилик бўлишгани учунми? Ёки улар бошқалардан аълороқмиди? Ёки уларнинг азоблангани учунми? Худо уларни Иброҳимнинг авлодлари бўлишгани учун Ўз паноҳига олди. Худо Ўз азизларининг фарзандлари ҳақида ҳам алоҳида ғамхўрлик қилади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ҳам ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Азизлар, яна учрашгунча хайр саломат бўлинг.