3:43

Хавотирга тушиш (Асабийлашиш)

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз.

Асабийлашиш ёки хавотирга тушиш муаммоси афсуски кўпчиликда учраб туради. Хавотирланиш оддий муаммодир. Лекин кўп хавотирга тушганлар ўз муаммоларини бошқа нарсада деб ўйлайдилар ва керакли дориларни ичмасликлари мумкин.

Хавотирга тушишнинг оддий турларига ваҳимага тушиш билан жонсаракликлар киради. Ваҳимага тушиш, кўпинча юрак, гормонлар ёки нафас олиш муаммоси деб нотўғри хаёл қилинади. Кўнглида ваҳима пайдо бўлишининг асосий сабаби одамнинг бирдан тўлланиб кетиб, қисқа- қисқа нафас олиши, юрагининг тез-тез уриб кетиши, кўкрак қафасида оғриқ туриши, бирдан бош айланиши ва бошқалардир. Бу касаллик аксари 17-30 ёшлар атрофида бошланади. Аёлларда эркаклардагига нисбатан 2 баробар кўпроқ учрайди. Касаллик кўпинча ҳаётнинг стрессли воқеаларидан бошланади. Баъзан ваҳимага тушиш авлоддан авлодга ўтиши мумкин. Биринчи хуруж уйқу вақтида бошланиши мумкин. Касаллик зўрайиб кетишининг олдини олиш учун уни эртароқ аниқлаб даволаш керак. Агар

даволанмаса, келажакдаги хуружлардан қўрқишнинг ўзи яна хуружлар сабабчиси бўлади. Бемор, кўпинча хуружлар билан боғлиқ ҳаракатлардан қочишга интилади. Агар касал бозорга борганда касали хуруж қилиб қолган бўлса, бемор касалим яна қайтарилади деган фикрда, бозорга қайта боришдан қўрқиб қолади. Агар касали кўчада хуруж қилса, ташқарига чиқишдан кўрқиб қолади. Касал ташқарига чиқишдан бош тортади ва ишлай олмаслиги мумкин. Бу эса, унинг оила

аъзоларига қарам бўлиб қолишига ва оиланинг нормал ҳаёти бузилишига олиб келади. 30 ёшлар атрофидаги аёлларда юрак хасталигидан келиб чиқадиган кўкрак оғриқлари кам учрайди, лекин бу оғриқлар ваҳимага тушиш ёки астмадан бўлиши мумкин. Бундай аёл юрак дориларини ичиш ўрнига ўзининг ваҳимага тушиш касалини даволаши керак. Жонсарак одамларда ўта хавотирланиш ва кўп ташвишланиш ҳолатлари кузатилади. 6 ой давомида ҳисоб қилинадиган бўлса, уларнинг хавотирга тушган кунлари хавотирга тушмаган кунларидан ортиқ бўлади. Бундай одам ўз ташвишларини босишга қийналади. Кишининг хавотирланиб ташвиш тортавериши қуйидаги 6 та белгилардан камида 3 таси билан боғлиқ бўлади: Тинч ўтира олмаслик ёки асабларининг таранг ҳолда бўлиши. Тез чарчайдиган бўлиб қолиш. Фикрини жамлашга қийналиш ёки ўйлаётган нарсасини эсидан чиқариш. Инжиқ бўлиш. Мускуллар, айниқса, бўйин мускулларининг таранглашиши. Уйқудаги безовталанишлар. Умуман хавотирланиб юрадиган касалларда ваҳимага тушиш ёки депрессия каби бошқа руҳий касалликлар ҳам учрайди. Тиббий жиҳатдан бир-бирига ўхшаш ҳолатлар: хавотирда юрадиган касаллар аксари бош, қорин оғриғи ёки юракнинг тез уришидан шикоят қилиб шифокор ҳузурига борадилар. Бемор, кўпинча ташқи белгиларнинг жиддий касалликка ўхшаш эканлигидан қўрқади. Қалқонсимон без гормонининг кўплиги каби баъзи тиббий муаммолар юрак уришини нормадан ортиши, озиб кетиш, асабийлашишга, баъзан бўқоққа ҳам олиб келиши мумкин. Камқонлик ҳам баъзан юрак уришининг нормадан ортишига олиб келиши мумкин. Юракнинг нотекис ишлаши гоҳо юрак уриши тезлигининг нормадан ортиб кетишига олиб келади. Ошқозон яралари эса ошқозон оғриқларига олиб келиши мумкин. Соғлиғингизга алоқадор муаммоларингиз йўқлигига ишонч ҳосил қилмасангиз, айниқса, сиз ўтирганингизда юрак уриши 90 дан ортиқ бўлса ёки сиз озаётган бўлсангиз, шифокорга учрашингиз зарур. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top