2:59

Пул топишнинг ғайриоддий усуллари 4 Қисм

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Бугунги бироз телбароқ бўлган дунёда ғайриоддий вазифалар ёки лавозимлар албатта топилади. Умуман олганда, пул топишнинг ғайриоддий усуллари талайгина. Уларнинг барчаси одамларнинг қанчалик тадбиркор бўлиши мумкинлигини исботлайди. Баъзи усуллар мутлақо қонуний ҳисобланса-да, кўпчиликка шубҳали, ақлга сиғмайдиган даражада телбанамо туюлади. Гарчи шаън, шарм-ҳаё, обрў-эътиборни ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмаса ҳам, одамларнинг пул топиш учун қанчалик “узоққа” бориши мумкинлиги одамни баъзан ҳайратга солиши мумкин. Аввалги дастуримизда уларнинг базилари билан таништириб чиққан эдик. Энди эса пул топишнинг энг ғайриоддий, ажойиб ва таажжубли йўллари билан таништиришни давом этамиз.

Компьютер ўйинлари.

Компьютер ўйинлари кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда ота-оналар болаларни улардан асраш учун ҳаракатларни бошлашди. Ҳақиқатан ҳам у ҳеч қандай ижобий натижага олиб келмайди, вақтнинг беҳуда сарфлангани қолади, холос. Буни қарангки, компьютер ўйинлари саноати бугунги кунга келиб дунё бўйича энг қизиқарли ва даромадли технологиялардан бирига айланиб улгурди. Ҳозирда бу соҳадаги халқаро мусобақалар ҳам анъанавий равишда ҳар йили ўтказилади. Мусобақалар онлайн режимида миллионлаб ўйин ихлосмандларига намойиш этилади ва уларга катта пул тикилади. Масалан, жаҳондаги энг йирик ана шундай мусобақалардан бири — The International да 2014 йилги мукофот пули $10 млн.ни ташкил этган эди. Ўзгалар ўйлаб топган ғоялар асосида пул топиш йўлларини кўриб чиқдик. Энди эса илҳом келиб, баъзи яратувчан инсонларнинг масалаларга қанчалик ижодкорона ёндашиши билан ҳам таништириб ўтишга қарор қилдик.

Пулли қучоқлашиш.

АҚШда одамларга қучоқлашишлар камлик қилиши ҳақида ўйлаб қолган чикаголик тадбиркор вокзал платформаларида одам қўллари шаклидаги қучоқловчи аппаратларни ўрнатди. Улар қўлингизга дўстона қисиш, қучоқлаш билан бирга салом беради, оқ йўл тилаб, овоз чиқаради. Текинга эмас, албатта. Ҳозир ҳатто қўл бериб кўришиш ҳам пулга чақилади. Айтиш керакки, автоматларнинг бозори анча чаққон. Ёлғизланиб қолган йўловчилар автоматларни кўпроқ одамларга ўхшаш кўринишда ясашни илтимос қилишмоқда. Қучоқлашганда темир-терсак ботмасин, дейишаётган бўлса керак. Энди ўзингиз бир ўйлаб  кўринг: яна қанчадан-қанча ғоялар ҳаётга жорий этилмай, ҳавода, ҳаёлларда муаллақ турибди. Ҳатто аввал янгичароқ бизнес бошлаш учун ғоя топа олмаётган бўлсангиз ҳам юқоридагиларни ўқиб чиққач, янги фикр хаёлингизни чулғай бошлаган бўлса ажаб эмас. Ижодкорликдан тўхтамасангиз бас, ҳали кашф этилмаган имкониятлар, чўққилар олдинда сизни кутиб тургани аниқ.

Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top