Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Поликлиникага невролог шифокор олдига деярли ҳар иккинчи бола шикоят билан келганида, албатта, бош оғриғини ҳам таъкидлаб ўтади. Шифокорларнинг қайд этишича, болаларнинг 35-60%, айниқса катта синф ўқувчилари ушбу хасталикдан азият чекар экан. Беморларнинг 13% га яқини эса биринчи бош оғриғини 10 ёшга кирмасдан туриб ҳис қилган. Кичик синф ўқувчиларида, одатда, бош оғриғи бошдан кечирилган касаллик оқибати ҳисобланади. Бу кўп ҳолатларда бош суякнинг травматик шикастланиши, бош миядаги яллиғланиш ва ҳажм ошиши жараёнлари, эпилепсия бўлиши мумкин. Мутахассислар фикрича, ўғил болалар қизларга қараганда кўпроқ муштлашишади, йиқилишади ва натижада, бош мия суяги жароҳатларини олишади. Бош миядаги оғир шикастланишларни яшириш қийин.
Бош мия чайқалишини эса катталар назардан қочириши мумкин. Фарзандингизнинг кўнгли беҳузур бўляптими? Албатта, яна эрталабдан ҳеч нарса емаган. Балки бу шикоятларга эътиборлироқ бўлиш керакдир. Мактабдан уйгача қандай келгани ҳақида сўраб кўринг, нега кайфияти йўқлиги билан қизиқинг. Кўзи остидаги кўкарган жойлар қаердан пайдо бўлганини сўранг. Чунки шикастланишдан кейинги бош оғриғи узоқ йилларгача болангизни тарк этмаслиги мумкин. Катта мактаб ёшида эса бош оғриғига асосан қаттиқ толиқиш, асабийлашиш, шахсият билан боғлиқ хавотирнинг юқори даражаси сабабчи бўлиши мумкин. Натижада зўриқиб оғрийдиган бош оғриқлари пайдо бўлади. Айтиш жоизки, бош оғриғи қиз болаларда кўпроқ учрайди. Одатда бу чаккалардаги зирқираб оғришдан иборат бўлади ва у сурункали шаклга киради. Ўғил болаларда эса асосан бошнинг тепа қисмида сиқувчи оғриқлар учрайди. Бош оғриғи сифатида ифодаланадиган ҳиссиёт организмда қай тарзда шаклланади деган масала ҳозирга қадар жумбомқлигича қолмоқда. Баъзи муаллифлар иммун ва оғриқ ҳисларининг биргаликда бошқарилиши ҳақида гапиришади. Бунда ушбу жараёнга бош миянинг алоҳида тузилмалари ҳам жалб этилади. Аммо бош оғриғининг иммун механизмлари назарияси етарлича яхши ўрганилмаган. Бошқа бир назарияга кўра бош оғриғига беморнинг безовталиги оқибатида бош ва бўйин мушакларининг узоқ вақт зўриқиши сабабчи бўлиши мумкин. Мушакларнинг сиқилиши босилиш, тортилиш, «темир қалпоқ» ҳисси шаклидаги оғриқ билан намоён бўлади. Бундай мушакда қон билан таъминланиш етарлича бўлмайди. Унда томир орқали тўлиқ чиқиб кетолмаган модда алмашинуви маҳсулотлари йиғилади, чунки мушакнинг ўзи сиқилган бўлиши билан бирга томирларни ҳам сиқиб қўяди. Бунда мушакдаги оғриқ янада кучаяди ва у шиша бошлайди. Ҳозирги кунда бош оғриғинниг шаклланишида шахснинг туғма хусусиятлари ва сурункали стресснинг мавжудлиги муайян роль ўйнашига шубҳа қолмаган. Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларимиз мактабдан ташқари қўшимча машғулотларга кўмиб ташланган. Улар эрталабдан кечгача банд: мактаб, рақс тўгараги, мусиқа, дарслар, инглиз тили, бассейн, расм чизиш ва хоказо. Ҳар қандай катта киши ҳам бундай юкламани кўтара олмаслигига ишончим комил. Болалар чарчашади, улгуришмайди. Катталар бўлса аччиғи чиқиб, боладан асоссиз хафа бўлишади: «У жуда паришонхотир, лапашанг, имиллаган! Ҳеч нарсани истамаяпти! Унга ҳеч нарса керак эмас!». Бу тўғри! Бу унга керак эмас! Унда дам олиш учун вақт қолгани йўқ. Айнан шундай ҳаёт тарзи болада бош оғриқлари пайдо бўлишига олиб келиши шубҳасиз. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.