3:38

Сиз севган шоколад ҳақида

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Бугун сизлар билан кўпчилигимизга севимли бўлган шоколад ҳақида сўз юритамиз. Қадимги ацтеклар биринчи бўлиб какаодан ичимлик тайёрлашган ва уни “чоколатль” деб аташган. Ичимликни совуқ ҳолда, аччиқ қалампир қўшиб ичишган ва маросимларда фойдаланишган. XVI асрда уларнинг юртига испанлар ташриф буюришганида, ацтеклар меҳмонларга ўзларининг анъанавий ичимликларидан таътиб кўришни таклиф қилишган. Ичимлик меҳмонларга шу қадар ёққанки, улар какао донларини Европага олиб кетишган. Шоколад қандай бўлади? Шоколад оқ, сутли, қора ва аччиқ бўлади. Оқ шоколадда какао бўлмайди, у калорияли ва фойдасиз.

Сутли шоколад қирилган какао, какао-ёғ, сут ва қанд упасидан иборат. Кўпчилик юмшоқ ва майин таъми учун уни яхши кўради. Сутли шоколадда какаонинг миқдори 25 фоиздан 50 фоизгача бўлади. Аммо унинг таркибида қанд ва ёғлар кўп. Шу сабаб, соғлиқ учун у қадар фойдали эмас. Қора шоколад таркибида какао 50-70 фоизни ташкил қилади. Унинг таъми аччиқроқ. Агар қоматингизга бефарқ бўлмасангиз, уни танлаганингиз маъқул. Аччиқ шоколаднинг 70 фоизи какаодан иборат ва айнан у ҳақиқатан ҳам фойдали. Асосийси, меъёрни билиш: кундалик истеъмол миқдори 50-60 граммдан ошмаслиги керак. Какаога бой бўлган бу маҳсулот таркибида асаб тизими фаолиятини яхшиловчи алкалоидларга эга. Агар тетик ва диққатингиз жамланган бўлишини истасангиз, шоколад истеъмол қилинг, у ақлий ҳамда жисмоний иш қобилиятини оширади. Шоколад миянинг эрта қариши ва ақлий заифликнинг олдини олади. Сифатли шоколадни ёқтирувчиларнинг кўз хотираси, эслаб қолиш қобилияти, тафаккури ва диққати яхши ривожланган.

Қора шоколад кайфиятни кўтаришга ёрдам беради, у бахт гормони — серотонин ишлаб чиқарилишида иштирок этади. Шунингдек, қондаги зиқлик гормони — кортизолнинг даражасини камайтиришга ёрдам беради. Шоколадда холестерин кўп, деган нотўғри фикр мавжуд. Аслида, у холестериннинг томирлар деворларида йиғилиши ва тиқинлар ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади. Шунингдек, шоколад қон босимини меъёрига келтиради ва инсульт ҳамда инфарктларнинг олдини олади.

Бундан ташқари, шоколад ёрдамида озиш мумкин. Одатда парҳезлар ҳар қандай ширинликларни ман этади, аммо шоколад бундан истисно. Фақат аччиқ шоколад истеъмол қилиш мумкин, у моддалар алмашинувини тезлаштиришга ёрдам беради.

Шоколадни тишлар учун зарарли деб ҳисоблашади. Сутли шоколад ҳақиқатан ҳам кариесни келтириб чиқаради. Аччиқ шоколад эса, аксинча, қатлам ва тишларда тошлар пайдо бўлишининг олдини олади, тишлар ҳамда милкларга яхши таъсир кўрсатади. Шунингдек, шоколад таркибида ҳужайраларнинг қаришини секинлаштирувчи минераллар, клетчатка ҳамда антиоксидантлар бор. Шоколаднинг қарши кўрсатмалари ҳам бор. Қандли диабети бўлганларга бу ширинликни истеъмол қилиш мумкин эмас. Аммо қанд ўрнини босувчи, масалан, фруктоза ёки стевия асосидаги шоколадлар ишлаб чиқарилади. Уларни диабетиклар бемалол истеъмол қилишлари мумкин. Ошқозон-ичак йўли яллиғланиши касалликлари ёки аллергияга мойиллиги борларга шоколадни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш тавсия қилинади. Кичик ёшдаги болаларга ҳам шоколад тавсия қилинмайди. Шоколаддан зарар эмас, фақат фойда олиш учун унинг ўрамини диққат билан қаранг. Какао фоизи қанча юқори бўлса, шоколад шунчалар фойдали. Таркибида биринчи ўринда қирилган какао ва какао-ёғ туриши керак. Агар таркиби шакардан бошланса, бошқа шоколадни танлаган маъқул. Шунингдек, таркибида сунъий бўёқлар ва хушбўйлаштирувчи моддаларнинг бўлмаслигига ҳам аҳамият беринг.

Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top