3:28

Ёғлар ҳақида 1 қисм

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Ёғлар асосий озиқ моддалар, оқсиллар, ёғлар, углеводлар, сирасига кириб, улар бир қанча муҳим вазифаларни бажаради. Биринчидан, улар организм учун энг бой энергия (қувват) манбаидир. Иккинчидан, ёғлар тери тагида, ички аъзолар атрофида, мушак толалари орасида тўпланади ва эҳтиёж туғилганида ишга тушиб организмнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қондириб туради. Учинчидан, ёғлар ҳар бир ҳужайранинг мембранаси ва бошқа таркибий қисмлари учун қурилиш материали бўлиб хизмат қилади. Тўртинчидан эса зарур А, Д, Е ва К витаминлари фақатгина ёғда эриган ҳолда организмга қабул қилинади ва ўзлаштирилади. Шундай қилиб ёғлар катта аҳамиятга эга, лекин ҳар қандай ёғ ҳам организм учун бир хил фойда келтиравермайди, бу ўринда уларнинг биринчи навбатда кимёвий ва физикавий хусусиятлари ҳал қилувчи рол ўйнайди. Ёғ кислоталари таркибига кўра ёғлар тўйинган, тўйинмаган, монотўйинмаган, политўйинмаган, гидрогенезланган турларга бўлинади. Тўйинган ёғларда ёғ кислоталарининг молекулалари водород атомлари билан тўлиқ таъминланган бўлса, тўйинмаганларида бўш жойлар бўлиб, уларга қўшимча водородлар бирикиб олиши мумкин. Ушбу бўш жойлар битта бўлса бундай ёғ кислоталари монотўйинмаган, иккита ва ундан зиёд бўлса политўйинмаган дейилади. Тўйинмаган ёғ кислотали ёғларга асосан ўсимлик ёғлари кириб, суюқ, хона ҳароратида эриган ҳолда бўлади. Масалан, кунгабоқар, зайтун, пахта чигити, соя ёғлари таркибида ёғ кислоталарининг миқдори 75-90 фоизгача бўлади. Пальма, какао ёғлари ҳамда барча ҳайвон ёғлари, қўй, қорамол ўз таркибида кўпи билан 40-50 фоиз тўйинмаган ёғ кислоталари сақлайди ва қуюқ, хона ҳарорати шароитида ҳам қотган ҳолда бўлади. Соғлом овқатланишда тўйинмаган ёғлар муҳим аҳамиятга эга. Алмаштириб бўлмайдиган ёғ кислоталари айнан шу ёғлар таркибига киради. Истеъмол таомларида ушбу ёғлар ишлатилса, ёмон сифатли холестерин кўпайиб кетмайди, демак кўпгина юрак-қон томирлари касалликлари, айниқса атеросклерознинг олди олинади. Тўйинмаган ёғ кислоталари ўсимлик ёғлари таркибида қанча кўп бўлса бундай ёғлар узоқ сақланмайди, очиқ ҳавода туриб қолса аччиқ бўлиб истеъмолга ярамай қолади. Шунинг учун бундай ёғларни қуёш нури тушмайдиган оғзи ёпиқ идишларда унча узоқ бўлмаган муддатда сақлаш мумкин. Тўйинмаган ёғларнинг бу камчилиги улардан давомли муддатда фойдаланиш имкониятини йўқотади. Уларнинг ушбу хусусиятини бартараф қилишда ёғларни гидрогенизациялаш, яъни водород билан тўйинтириш технологияси қўл келади. Шу усул билан тўйинмаган ёғ кислотасининг эркин қўллари водород атомини бириктириб олади ва кислород таъсирига чидамли бўлган узоқ вақт сақланадиган қаттиқ ёғга ёки саломасга айланади. Саломас саноатда суюқ ўсимлик ёғларини гидрогенизация қилиш йўли билан олинадиган қаттиқ ёғдир. Унинг озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда техникавий турлари мавжуд. Бундай ёғлардан маргарин ҳамда кондитер маҳсулотлари, ҳар хил пишириқлар тайёрлашда кенг кўламда узоқ муддатда фойдаланиш имконияти юзага келди. Шу йўл билан маргаринлардан давомли муддатда фойдаланиш, худди сариёғ каби нонга суртиб истеъмол қилиш ёки ҳар хил таомлар тайёрлашда фойдаланиш имкониятлари очилди. Ушбу ҳолат шаҳар ва қишлоқларда кўпчиликка маъқул келиб, асосан ҳайвон ёғларига қараганда арзонлиги учун кундалик ҳаётда кенг кўламда ишлатила бошланди.

Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top