3:42

Ёғлар ҳақида 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Ёғлар асосий озиқ моддалар, оқсиллар, ёғлар, углеводлар, сирасига кириб, улар бир қанча муҳим вазифаларни бажаради. Биринчидан, улар организм учун энг бой энергия (қувват) манбаидир. Ёғлар катта аҳамиятга эга, лекин ҳар қандай ёғ ҳам организм учун бир хил фойда келтиравермайди, бу ўринда уларнинг биринчи навбатда кимёвий ва физикавий хусусиятлари ҳал қилувчи рол ўйнайди. Гидрогенизация йўли билан ёғ, масалан маргарин олишни биринчи бўлиб француз кимёгари Поль Сабатье ихтиро қилган. У 1897 йили ушбу усул билан суюқ моддалардан қаттиқлашган субстанция олиш мумкинлигига асос солди. Сабатьенинг ушбу ихтироси 1912 йили халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланган. Гидрогенизация усули билан бевосита суюқ ўсимлик ёғларидан қаттиқ ёғ олишни биринчи бўлиб немис кимёгари Нормон амалга оширди. Ушбу усул ёрдамида суюқ ёғни қиздириб у орқали катта босимда водород ҳайдалса тўйинмаган ёғ кислоталари водородни бириктириб олиб тўйинган ҳолатга ёки трансёғ шаклига ўтар экан. Ушбу усул билан суюқ ўсимлик ёғларидан айрим физикавий хусусиятлари билан ҳайвон ёғларига бас келадиган ва ҳар хил мазали таомлар тайёрлашда муваффақиятли фойдаланса бўладиган ёғлар тез орада ўз ўрнини топди. Чунки бундай ёғ сариёққа нисбатан арзон ва узоқ муддат сақланади, мазаси ҳам ундан қолишмайди. Шунинг учун уни дастлаб диетолог мутахассислар овқатланишда бемалол кенг кўламда ишлатаверишни тавсия қилишди. Шундан кейин гидрогенизация йўли билан тайёрланган бундай ёғлар фаст-фуд ва бошқа шунга ўхшаш таомлар тайёрлашда кўплаб ишлатила бошланди. Ушбу ёғлар асосида ташкил қилинган савдо-сотиқлар бир неча ўн йиллар мобайнида ривожланиб истеъмолчиларга ҳам ёқиб тушди. Кейинчалик тўйинган ёғларнинг салбий томонлари аниқлана бошланганидан кейин маргарин каби трансёғлар ҳам айрим тадқиқотчиларнинг эътиборини торта бошлади. 1993 йилда Виллет ўз кузатувларига таяниб трансёғлар истеъмол қилиш юрак-қон томирлари касалликларининг кўпайиб кетишига олиб келади, деган хулосага келди. Унинг аниқлашича, трансёғлар қонда юқори зичликка эга бўлган липопротеинларни кўпайтириб атеросклерозга олиб келар экан. Олинган натижаларга кўра айтилган вақт мобайнида кўп миқдорда маргарин истеъмол қилганлар орасида ўлим энг юқори бўлган. Олиб борилган тадқиқотларга кўра трансёғлар нафақат юрак-қон томир ва атеросклероз билан хасталанишга олиб келади, балки ҳужайра мембранасида рўй берадиган меъёрий ҳаётий жараёнларни ҳам издан чиқарар экан.

Ҳозирги пайтда трансёғларнинг келтирадиган зарари ҳақидаги маълумотлар илмий ва оммавий манбаъларда кенг муҳокама қилиниб кундалик истеъмол таомлардаги ёғларда уларнинг ҳиссаси 2 фоиздан ошмаслиги кишилар соғлигига сезиларли зарар келтирмайдиган меъёр деб қабул қилинган. Трансёғларнинг зарарли томонларини инобатга олган ҳолда уларни истеъмолда кескин чеклаш бўйича ташкилий ва амалий ишлар хозирги пайтда кўпгина давлатларда олиб борилмоқда. БМТ қошидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эътироф этишича трансёғларнинг зарар келтирмайдиган даражада минимал қабул қилиш миқдори йўқ, уни яхшиси истеъмол қилмаслик керак, дейилмоқда. Ёғлар кундалик ҳаётда доимий равишда ишлатилиб туриладиган асосий озиқ-овқат турларидан бири бўлиб, уларсиз меъёрий ҳаётий жараёнлар амалга оширилмайди. Фақат бу борада ҳар кимнинг тегишли овқатланиш қоидаларига риоя қилиб ёғлардан қайсиларини ва қанча истеъмол қилишни билиш муҳим аҳамият касб этади. Маргарин ва у каби трансёғлардан эса иложи борича истеъмолда фойдаланмаслик соғлом овқатланиш борасидаги муҳим қадамлардан биридир.

Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top