MP3

Салом азизлар! Хаётингизда нимага умид боғлайсиз, деган саволга хилма хил жавоб оламиз. Кимлардир, бойликка, бошқалари кучга, қолганлари эса бақуват танишига умид боғлайди ва хоказо. Ушбу рўйҳатни тўхтамай давом эттирса бўлади. Чунки, қанча одам бўлса, шунча фикр бўлиши табиийдир. Лекин сиз азиз дўстим, сиз нимага умид қилиб яшайсиз? Умидингизни кимга ёки нимага боғлайсиз? Келинг, ушбу саволга аниқ жавоб олиш учун, Каломга назар ташласак.

Исо йўлга чиқаётганида, кимдир югуриб келиб, Унинг олдида тиз чўкди-да:

– Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак? – деб сўради. Исо унга деди: – Нега Мени валинеъмат дейсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким валинеъмат эмас-ку. Сен илоҳий амрларни биласан: «Зино қилма. Одам ўлдирма. Ўғрилик қилма. Сохта гувоҳлик берма. Бировнинг ҳақини ема. Ота-онангни ҳурмат қил». У киши Исога жавоб қайтариб: – Устозим! Буларнинг ҳаммасига ёшлигимдан буён риоя қилиб келаман, – деди. Исо унга қаради ва яхши кўриб қолди. – Сенга бир нарса етишмайди, – деди унга.

– Бор, нимага эга бўлсанг, ҳаммасини сотиб, пулини камбағалларга бўлиб бер. Шундагина осмонда хазинанг бўлади. Кейин кел, хочни олиб орқамдан юр.

Бу сўзлардан бойнинг таъби хира бўлди, чунки унинг мол-мулки кўп эди. У қайғуриб қайтиб кетди. Исо атрофга кўз югуртириб шогирдларига деди:

– Пул-дунёси борларнинг Худо Шоҳлигига киришлари нақадар қийин!

Шогирдлар бу сўзларни эшитиб, ақллари шошди. Исо эса қайта бошдан сўз олди:

– Болалар, бойликка умид боғлаганлар Худо Шоҳлигига киришга қанчалик қийналади! Бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир. Шогирдлар ҳаддан ташқари ажабланиб ўзларича:

– Ундай бўлса, ким нажот топа оларкан? – дейишди. Исо уларга кўзини тикиб:

– Одамларга бу имконсиз, лекин Худога эмас. Чунки Худо ҳамма имконга эгадир, – деди. Бутрус сўз олиб Исога: – Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг орқангдан эргашиб келдик, – деди. Исо бунга жавобан деди: – Сизларга ростини айтсам, ким Мен ва Инжил учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-болаларини ёки ер-мулкини ташлаб кетса, у ҳозир, бу дунёдаёқ дучор бўлаётган қувғинлар орасида юз ҳисса ортиқ уй-жойлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, болалар ва ерларга эга бўлади, келажак дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади. Лекин кўп биринчилар охирги ва охиргилар эса биринчи бўладилар. (Матто 10). Хазрати Исо Каломда айтган гапига диққат қилинг. Бойлар аввалам бор бойликка умид қилиб яшайдилар. Камбағалчи, у кимга ёки нимага умид қилсин? Албатта, Худога ва Унинг Нажотига умид боғлашдан тўғрироғи йўқдир. Нимага дейсизми, чунки бу дунё ўткинчидир. Биз бу дунёга тегишли эмасмиз. Чунки, Худойимиз бизни қиммат баҳога ушбу гуноҳкор дунёдан сотиб олди. Айнан, хазрати Исонинг хочда тўккан муқаддас қони эвазига сотиб олиндик. Биз энди бу дунёга эмас, аксинча, Худонинг оиласига тегишлимиз. Дунё ва бойлик бизга хўжайин эмас, чунки дунё бизнинг уйимиз эмас, ахир биз энди жаннатга, абадий хаётга тегишлимиз. Шундай экан, на пулга, на бойликка, на бу дунёнинг бошқа ўткинчи нарсасига умид боғламанг. Умид қилсангиз, фақат Худога умид қилиб, барчасини Унинг қудратли қўлларига топширинг. Омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top