3:09

Исонинг бизлар учун химоя ибодати

MP3

Салом азизлар. Каломни ўқир эканмиз, у ерда хазрати Исо ўз шогирдлари учун ибодат қилганини кўришимиз мумкин. Келинг, ўша ибодатларнинг бирини ўқиб берсам. “Мен улар учун сўрайман; дунё учун эмас, балки Менга берганларинг учун сўрайман. Чунки улар Сеникидир. Зотан Меники бўлган ҳамма – Сеники, Сеники эса – Меникидир. Шу тариқа Менинг улуғворлигим улар орқали зоҳир бўлади.

Бундан сўнг Мен бу дунёда бўлмайман, Сенинг ҳузурингга қайтяпман. Улар эса бу дунёда қоладилар. Эй Муқаддас Ота! Менга кимни берган бўлсанг, Ўз номинг билан асраб қолгин, токи улар ҳам Биздай бир бўлсинлар. Мен улар билан бўлганимда, Сенинг номинг билан уларни асрар эдим. Ҳа, Менга берган одамларнинг ҳаммасини омон сақладим. Фақат оят бажо бўлсин деб, пешанасига ҳалокат ёзилган одамдан бошқа улардан ҳеч ким ҳалок бўлмади.

Энди эса Сенинг олдингга борай деб турибман. Менинг шодлигим уларга ўтиб дилларини бутунлай тўлдирсин, деб буларни ҳали дунёда бўлганимда айтяпман. Мен уларга Сенинг каломингни топширдим. Дунё эса улардан нафратланди. Чунки Мен дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам дунёдан эмаслар. Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман. Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. Уларни ҳақиқатинг билан муқаддас қилгин. Сенинг каломинг – ҳақиқатдир. Сен Мени дунёга юборган эдинг, Мен ҳам уларни дунёга юбордим. Улар ҳақиқий муқаддас бўлсин деб, Мен Ўзимни улар учун бағишлайман.” (Юҳанно 17)

Хазрати Исо ушбу ибодатида Худодан бизлар учун кўпгина нарса сўраган. Лекин, ўша пайтда У айнан сиз ва мен учун ибодат қилди. Нима учун хазратимиз бизларни химоя сўраб ибодат қилди? Нима учун Раббимиз айнан бизнинг химоямиз учун алохида ибодат вақтини танлади? Ўша кечаси, хазрати Исо Худодан бошқа нарсаларни сўраши мумкин эди. Ўзингизнинг ибодатларингизни эсланг. Хар биримизда биз севган ибодат мавзулари мавжуд. Масалан, Худога бўлган хизматимиз, руҳан бой бўлиш истаклари ва шунга ўхшаш мавзулар.

Лекин ўша пайт, хазрати Исо бизлар учун ибодат қилар экан, у Худодан бизларни ёвуз шайтондан сақлашини сўради. Унинг ибодатини ўқир эканман, бундай илтижони фақат қаттиқ севган азиз инсонлар учун сўрашни англадим. Масалан, мен хам, бордию бирон сафарга кетсам, ойилам ва бола-чақам учун деярли шундай ибодат қилиб, Худодан уларни химоя қилишини сўрайман. Хазратимизнинг шогирдлари, яъни бизлар учун қилган ибодатини ўрганар эканман, мен учун бир нарса очилади, у ҳам бўлса, Раббимиз учун кўпроқ бизларнинг қилган ишларимиз эмас, аксинча, У учун ким бўлишимиз муҳим эканини билдим.

Хазратимиз учун, биринчи ўринда албатта бизнинг ташқи кўринишимиз эмас, аксинча, бизлар билан бўлган Унинг муносабатлари мухимроқдир. Шундай экан, бизлар ҳам, хазратимиздан ўрин олиб, орамиздаги муносабатларни биринчи ўринга қўйиб, Худойимиздан бир биримиз учун химоя сўраб ибодат қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top