MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худованднинг фарзанди бўлиб яшаш бизга жуда кўп имкониятларни беради. Шунга қарамай, баъзилар ҳали ҳам шубҳада ва Худонинг ҳукмидан қўрқувда яшашади. Хўш, сиз ўзингизни хавфсиз Масиҳий деб биласизми? Ёки менинг бахтли бўлишим кайфиятимга боғлиқ, дейсизми? Инсон кайфияти ва ҳислари кўтарилиб, тушиб турадиган нарса. Биз нажотимиз хавфсизлигини кайфиятимизга асослай олмаймиз. Чин дилдан қутқарилган ва бошқа ҳукм қилинмаслигига ишонган Масиҳийгина мутлақ ҳотиржам ва хавфсиз ҳаёт кечиради. Аммо, биласизки биз Худонинг фарзанди бўлсакда, билмай ёки танага бўйсуниб гуноҳ қилиб қўямиз. Ахир, ҳали ҳам бу эски тана билан курашиб яшаяпмизда! Хўш булар учун Худо олдида жавоб берамизми? Бу ҳақида ўйлаганимда ҳаворий Бутруснинг ҳикояси менга далда беради. Келинг, сизлар билан ҳам Бутруснинг ҳикоясини тинглайлик.

Narrator 2“Исо шогирдларига деди: — Бугун кечаси ҳаммаларингиз Мени ташлаб, қочиб кетасизлар. Чунки ёзилган: “Мен чўпонни ўлдираман, Шунда сурувдаги қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади.” Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман. Бутрус Исога деди: — Сизни ҳамма ташлаб кетса ҳам, мен ташлаб кетмайман! Исо унга: — Сенга чинини айтайин, шу кечасиёқ, хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан, — деди. Бутрус Унга: — Керак бўлса, Сиз билан бирга ўламан! Аммо Сиздан асло тонмайман! — деди. Бошқа ҳамма шогирдлари ҳам шундай дедилар.” Энди Бутруснинг ҳолати ҳақида ўйланг. У Исо Масиҳга энг яқин бўлган шогирдларидан бири эди. Масиҳ Ўзи билан бир неча шогирдини тоққа ибодат қилиш учун олиб кетганида, Бутрус ҳам ўша ерда эди. Исо Масиҳнинг ортидан биринчи бўлиб эргашганлардан бири ва ниҳоят Исонинг келиши кутилаётган Масиҳ эканлигини англаган шогирд эди.

Narrator 1 Каломда шундай ёзилган. “Шимўн Бутрус жавоб бериб деди: — Сиз Масиҳсиз, Барҳаёт Худонинг Ўғлисиз! Исо Шимўн Бутрусга деди: — Сен бахтлисан, эй Юнус ўғли Шимўн! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган.” Ҳа, Худо чиндан ҳам бу нарсани очиб бериш учун Бутрусни танлаган эди. У ҳақида ўқисангиз, биз каби оддий одам бўлганини англайсиз. Аммо Худо у орқали ажойиб ишларни қилган. Масиҳ ўша пайтда Бутрус ҳам бошқа шогирдлари каби, Уни ташлаб кетишини ва ҳатто тонишини билмаганми? Билган ва унга далда бўлсин деб, ҳатто ваъда ҳам берган, “Бутрус, сенга шуни айтай: сенинг исминг қоя–ку! Мана шу қоя устига Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман. Ҳатто ўлим шоҳлиги ҳам жамоатимга бас кела олмайди.” Бир куни вақти келганида, Исо Масиҳ Бутрусни руҳан кўтариб, у орқали ажойиб ишлар қилишга ваъда берди.

Narrator 2 Бу пайтда Бутрус ташқарида ҳовлида ўтирган эди. Бир чўри қиз унинг ёнига келиб: — Сиз ҳам ўша Жалилалик Исо билан бирга эдингиз-ку! — деди. Лекин Шимўн ҳамманинг олдида буни инкор этиб деди: — Нима тўғрисида гапираётганингизни тушунмаяпман. Сўнг дарвоза олдига борди. Шунда бошқа бир хизматкор аёл уни кўриб, у ерда турганларга: — Мана бу одам Носиралик Исо билан бирга эди, — деди. Шимўн эса қасам ичиб: — Мен Уни танимайман! — деб яна Исодан тонди. Бир оздан кейин у ерда турганлар келиб, Бутрусга: — Сиз ўшалардан эканингиз шевангиздан билиниб турибди, — дейишди. — Худо урсин! Мен бу Одамни танимайман! — деб қасам ичди Бутрус. Шу пайт хўроз қичқирди. Шунда Бутрус Исонинг: “Хўроз қичқирмасидан олдин, сен Мендан уч марта тонасан”, деган гапини эслади. У ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.” У қилган гуноҳи учун тавба қилди ва Худо уни яна тиклади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top