2:58

Мослаш, итоат қил ва бошингдан ўтказ

MP3

Ассалому алайкум. Худованд инсон зотини яратибди-ки, аёл учун олий вазифа – фарзанд дунёга келтириш ва уни Худованд йўлида тарбиялашни берган. Бугунги кунда аёллар бу вазифаси борлигини унутиб қўяётирлар. Келинг, бугун ўша вазифамизни тўлиқ адо этишимиз учун нималарга эътибор қаратишимиз кераклиги ҳақида суҳбатлашамиз. Худованд ҳар бир художўй аёл қалбида Муқаддас Руҳи орқали ишлайди. Агар Худованддан узоқлашмаган бўлсангиз, У сизнинг ҳаётингизда. Худованд инсонга Муқаддас Руҳнинг ишлари ва Ўзининг Каломи орқали гапиради. Ҳаётимизда Худованд билан муносабат қилишимизга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак. Агар Худованд бугун сизга Каломи ёки Муқаддас Руҳи орқали гапирган бўлса, бунга қандай жавоб қайтаришингиз жуда ҳам муҳим.

Ҳар бир художўй аёл ҳаётини Худованд ҳақиқатига мослаштириши керак. Худованд каломини ўқидингизми, у сизга бирор нарса айтаяптими, ўша нарсани қилишингиз керак. Дастлаб, Худованд ҳақиқатини тан олинг, кейин эса ўша ҳақиқат бўйича иш тутинг. Худованд сизга гуноҳларингизни эслатдими, уларга беъэтирбор бўлиб, Худодан узоқлашиб кетманг. У сизга эслатгани заҳоти, гуноҳ қилганингизни тан олиб, Худованддан кечирим сўранг. Худованд сизни Ўз ҳақиқати билан ўзгартиришни, Ўзига яқин қилишни истайди. Онгингизни Худованд ҳақиқатига мослаштириш сизга Худованд ҳақида кўпроқ нарсаларни ошкор қилади. Дастлаб онимизни мослаштирамиз, кейин эса ўша ҳақиқатга итоат қиламиз. Итоат қилганингизда энг асосийси – Худовандга бўйсуниш қандай бўлишини бошингиздан кечирасиз.

Бу тажриба сизга кейинги Худовандга бўйсунишларингизга тиргак бўлади. Ҳар доим, Худованд бизга ошкор қилган ҳақиқатни онгимизга муҳрлаб олсак, Худовандни тушунишимиз ва У билан муносабат қилишимиз осон бўлади. Чиндан ҳам Худованд билан яқин муносабатда бўлишни истайдиган, Унинг ҳузурида дадил туришни хоҳлайдиган аёл ўз ўзига шундай савол беради: «Бугун Худовандга маъқул келмайдиган бирорта иш қилмадимми?» Ҳар кунини сарҳисоб қилиб, қилган ҳатолари учун Худованд олдида тиз чўкади. У ҳар сафар Худованд ҳузурига келганида қалби гуноҳлардан ҳоли бўлишини истайди, шунинг учун ҳам ўзи билмаган гуноҳлари ва хатоларини Худованддан кўрсатишини сўрайди.

Бугун Худованд билан қандай муносабатда бўлишни, У сиздан нимани истаётганини билишни истайсизми, унда Худованд Каломини қўлга олинг. Унда аллақачон Худованд сиздан нимани исташи ҳақида ёзилган. Бугун ўқиганларингизни ҳаётингизга тадбиқ қилинг. Ўқиётганингизда Муқаддас Руҳ уларни сизга маълум қилади ва Худованднинг ҳаётингиз учун мақсади ва режаларини баён қилади. Унга бўйсунганингизда эса, Худованд сизнинг ҳаётингизда ишлаётганини ва режаларини амалга ошираётганини кўрасиз. Ҳар куни Худованд Каломини ўқиш ва У билан вақт ўтказишга бироз вақт ажратинг. Унга ибодат қилинг. Ибодатда камтар ва итоатли бўлинг. Юрагингиздаги ташвиш ва қўрқувларни Яратувчингиз қўлига топширинг. Шунда ҳаммаси яхши бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top