3:37

Одам эмас, Худо қутқаради

MP3

“Мен Эгангизман! Менинг номим шудир! Мен шуҳратимни бировга бермайман,

Ўзимга муносиб бўлган ҳамду санони Бутлар билан баҳам кўрмайман (Ишаё 42:8). Салом азизлар. “Мен шуҳратимни бировга бермайман” — деб Худо бизга қайта–қайта айтади. Павлус ҳам буни таъкидлаб, Коринфдаги жамоатга ёзган мактубида шундай деган эди: “Инсоний нуқтаи назардан доно бўлганингиз кўп эмас, қудратли бўлганингиз кўп эмас, олижаноб бўлганингиз ҳам кўп эмас” (1Коринфликларга 1:26–29). Ҳа, Худо Ўз улуғворлигини намоён қилиш учун камситилган ва хўрланган одамларни танлаб, уларга донолик беради. Руҳонийлар Бутрус билан Юҳаннони ўқимаган, жоҳил одамлар деб аташган эди (Ҳаворийлар 4:13). Шундай бўлса–да, бу ўқимаган, оддий балиқчилар Янги Аҳд тўпламининг еттита китобини ёзишган.

Бу китобларнинг мазмуни шу қадар чуқурки, асрлар давомида буюк алломалар унинг мағзини тўлиқлигича чақа олмаганлар. “Мен Эгангизман! Ёлғиз Мен Эгангизман, Мендан бошқа қутқарувчи йўқ. Мен Ўзим айтдим, қутқардим, билдирдим, Орангизда бошқа бирон худо йўқ.” Эгамизнинг каломи шудир:

Мен Худоман, сизлар Менинг шоҳидимсиз. Ҳа, азалдан буён Мен Ўшаман,

Ҳеч ким Менинг қўлимдан қутқара олмайди. Мен қилганимни ким бекор қила олади?!” (Ишаё 43:11–13)

Муқаддас Китобда айтилишича, Худо инсониятнинг Қутқарувчисидир. Фақатгина У бизга нажот бера олади. Демак, фақат Унинг паноҳидагина биз бехатар ва фаровон ҳаётга эга бўламиз. Юқоридаги оятда Худо: “Мендан бошқа қутқарувчи йўқ” — деб айтади. Давлатимиз бир қатор ижтимоий лойиҳалар орқали фуқароларининг ҳаётини фаровон қилишга уринади. Корхоналар ўз ишчиларига нафақа тўлайди, касалхоналар халққа бепул тиббий хизмат кўрсатади, давлат маошларни оширади, яхшироқ иш ўринларини яратади. Инсон ўз кучи билан ҳаётини бехатар ва фаровон қила олади, деган гапга бизни ишонтиришади. Аслида эса, фақатгина Худо бизни қутқара олади, фақатгина У бизга фаровон ҳаёт бера олади. Фақатгина У инсониятни ҳақиқий хавфсизлик билан таъминлай олади.

Ишаё китобидан кўриб чиққан оятларимиз Худонинг табиатини бизга аён қилади. Бу мавзу ниҳоятда чуқур ва завқлидир. Биз уни умумий кўриб чиқдик, холос. Худонинг буюк улуғворлигини англашни бошлаганимизда, бизнинг муаммо ва ташвишларимиз аслида кичкина ва эътиборсиз эканлигини кўрамиз. Бир овоз: “Эълон қил!” деб айтди, Иккинчиси: “Нимани эълон қиламан?” деб сўради.

Биринчи овоз шундай деди: “Инсон зотининг ҳаммаси майсадай, Уларнинг барча содиқлиги дала гули кабидир. Уларнинг устидан Эгамизнинг нафаси эсганда

Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади. Мана, бу халқ майсанинг ўзи.

Муқаддас Китобнинг ҳеч бир жойида инсоният буюк, ўз тақдирини ҳал қиладиган зот сифатида тасвирланмаган. Аксинча, Худо инсонни бугун бор, эртага эса йўқ бўладиган дала ўтига ўхшатган. Исо Масиҳнинг укаси Ёқуб инсон ҳаёти ҳақида шундай деган: “Ҳаёт ўзи нима? Ҳаётингиз – бирпас кўриниб, кейин парланиб кетадиган буғ каби нарса” (Ёқуб 4:14). Демак, инсонни тўлиқ тушуна олишимиз учун унинг ҳаётидан сўз бошлашимиз керак. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top