Салом азизлар. Шогирдингиздан тез–тез хабар олиб туринг, айниқса, имонга эндигина келган пайтида. Шогирдингиз учун бу осон давр эмас, чунки шайтон бор кучи билан унга ҳужум қилишни бошлайди. Руҳий жангдан хабари бўлмаган одам саросимага тушиб қолиши мумкин. Ахир, жангда унга ёрдам берадиган Худонинг ҳақиқатини у тўлиқ билмайди. Чақалоқ туғилганидан кейин биринчи ўн кун давомида доимо онасининг ёнида бўлади. Сўнг ўсгани сари, онадан мустақил бўлаверади. Биз жисмоний дунёда кузатган бу ҳол руҳий дунёда ҳам содир бўлади.
Сиз ёш масиҳийга бера оладиган энг катта ёрдам — далда. У энди Худонинг оиласига мансуб эканлигини айтинг, сизлар биродар эканингизни у билсин. Шайтон уни алдашга ҳаракат қилади: “Бундай васваса ва синовлар фақат менда бўлса керак”, деган фикрлар унда пайдо бўлади. Шогирдингизга, бундай синовлар ҳаммамизда бўлишини айтинг. Унга: “Қўрқма, бу васвасаларга қарши турган пайтингда мен сен билан бўлиб, сенга ёрдам бераман”, — деб айтинг. Марк Хушхабарининг 1чи боб, 35–оятида Исонинг доимги одати ҳақида ёзилган: “Эртаси куни тонгда, ҳали ёруғ тушмасдан олдин, Исо ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кетди. Кимсасиз жойга бориб, ибодат қилди.” Ҳар кунимизни биз сокин вақтдан бошлашимиз даркор.
Чунки Раббимиз билан ўтказган бу вақт давомида биз руҳий озуқа оламиз. Сокин вақтга ибодат ва Каломни ўқиш киради. Римликлар китобининг 1–бобида келтирилган узундан–узун гуноҳлар рўйхати 21–оятда “шукр қилмадилар” сўз бирикмаси билан бошланади. Имонга келган ҳар бир одам масиҳий ҳаётининг илк дамларидаёқ шукр қилишнинг аҳамиятини ўрганиши керак. Худо Ўз илтифоти туфайли бизга берган барча баракатлари учун, Унга шукр айтишимиз керак. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: “Ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадя юқоридан, самовий нурлар Отасидан тушади. Унда ҳеч қандай ўзгариш йўқ, ўзгарувчан кўланка ҳам йўқ.” Биз доимо оиламиз, дўстларимиз, жамоатимиз ва мамлакатимиз учун ибодат қиламиз.
Шогирдингизга шафоат қилишни ўргатганингизда, ибодат дафтаридан фойдаланишни ўргатсангиз бўлади. Дафтарнинг биринчи бетини вертикал чизиқ ёрдамида икки қисмга бўлинг. Бетнинг чап томонига “Нима учун ибодат қилдим” деб ёзинг, ўнг томонига эса “Худонинг берган жавоби” деб ёзинг. Нима учун ибодат қилганингизни ёзганингизда, ибодат қилинган санани қўйинг. Худонинг берган жавобини ёзганингизда ҳам санани ёзинг. Имонга янги келган шогирд учун бу ниҳоятда яхши усул, чунки бу усул ёрдамида у Худонинг қилаётган ажойиб ишларини яққол кўра олади.
Шогирдингиз сокин вақтни доимий равишда ўтказадиган бўлсин, бунинг учун бошида сокин вақтни у билан бирга ўтказинг. Мисол учун, у имонга келганидан кейин, дастлабки биринчи ҳафта давомида ҳар куни эрталаб у билан сокин вақт ўтказинг. Иккинчи ҳафта эса буни кун ора қиладиган бўлинг, кейинги бир–икки ой давомида ҳафтада бир марта эрталаб учрашиб туринг. Қолган кунлари сокин вақтни у мустақил равишда ўтказсин. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.