MP3

Ассалому алайкум ҳурматли биродарлар. Сиз азизлар билан яна учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукроналар айтамиз. Азизлар, хеч бошқаларнинг муҳтожлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Ва қандай қилиб ёрдам қўлини чўзгансиз?

Инсонлар ва айниқса Раббимиз Исо Масиҳга эргашувчи кишилар доимо бошқаларнинг муҳтожликлари ҳақида ўйлаб кўришлари керак. Раббимиз Исо Масиҳ Юҳанно китобининг 13 боби 1 оятидан 17 оятгача бўлган жойда шу нарсани яхши кўрсатиб бера олган.

Бу ерда Раббимиз Ўз шогирдларининг оёқларини ювганлиги ҳақида гап боради. Ушбу жойни ўқиганимизда худди Раббимиз Исо Масиҳдан бошқа ҳеч ким шу ишни қилишни хоҳламагандек кўринади. Балки шогирдлари бу ҳақида ўйлаб кўришмагандир.

Шунинг учун ҳам Масиҳ айнан шу ишни қилиб амалда бошқаларга ҳам кўрсатди. Охирги 17 оятда эса шуни қўшиб қўйди: “Агар гапимни уққан бўлсангиз, бунга амал қилинглар ва бахтли бўласизлар!”

Биз масиҳийлар доимо бошқаларга энг яхши нарсаларни қилишга ёрдам беришимиз керак. Уларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Азизлар, амалда қандайдир ёрдам бера оламизми? Ўйлайманки, энг биринчи ёрдам, уларнинг қалбларига озор берадиган ҳар хил ҳаракатлардан қочишимиз керак.

Шундан сўнг уларни кўнглини кўтарувчи сўзлар айтиб, керак бўлса мақтовлар айтишимиз керак. Азизлар, айнан шу масала бўйича ўйлаб кўринг, Раббимизниг шогирдлари каби ёдингиздан чиқарманг. Фақатгина ўзимиз ҳақимизда ўйлаб бошқаларни эсдан чиқариш ярамайди.

1- Коринфияликларга мактубининг 11 боби 1 оятида Ҳаворий Павлус шундай ёзади: “Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар”. Агар диққат билан қарайдиган бўлсак, Павел шу гаплар билан бошқаларни ҳам нажот олишини хоҳлаётганини билиш қийин эмас.

Раббимиз Исо Масиҳ ҳам айнан шу нарсани хоҳлаган эди. Демак, Раббимиз ҳам ва Павлус ҳам ҳар биримизни уларнинг изидан боришимизни хоҳлаяпти.

1- Коринфияликларга мактубининг 16 оятида Павлус қуйдагиларни гапирган эди: “Шунинг учун сизлардан ялиниб сўрайман”. Шу оятларни ўқиб туриб Павлус бизнинг хизмат қилишимиз учун қанчалик жон куйдирганлигини кўрамиз.

Бизларнинг хизматимиз эса албатта бошқаларга ва уларнинг муҳтожликларига ҳам ёрдам бериш бўлиши мумкин. Шахсан мен ишонаман, агар ҳар биримиз ён атирофимиздаги биродарларга ёрдам қўлини чўзсак, ишхонамизда ҳам, ибодатхонада ҳам муаммолар деярли бўлмайди.

Шунинг билан азизлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top