3:04

Бутрус ва Исо Масиҳ

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли биродарлар. Яна сиз азизлар билан дийдор учрашиб турганимиз учун Отамиз Худога миннатдорман. Азизлар, Муқаддас Китобнинг Матто Хушхабар китобининг 16 боби 17 ва 18 оятларида Раббимизнинг Бутрусга қарата айтган шундай гаплари келтирилган:

“…Сен барҳаётсан, эй Юнус ўғли Симун! Бу сирни сен ўз уқув-идрокинг билан уққанинг йўқ, балки осмондаги Отам сенга очиб берган. Мен ҳам сенга шуни айтиб қўяй: сенинг тош деган исминг бор ва Мен Ўз умматимни бу тош устида бунёд этаман, жаҳаннам кучлари эса ундан устун чиқмас”.

Азиз биродарлар, мана шу оятни ўқиб кўрганимизда, Раббимизнинг Ўзи Бутрусни марҳаматлаётганини кўришимиз мумкин. Инсон зотига Худонинг марҳаматидан ортиқ мақтовлар борми ахир? Лекин минг афсуслар билан айтишимиз мумкинки, орадан бир озгина вақт ўтганидан кейин Бутрус Раббимиздан қаттиқ тана гапларини ҳам эшитиб олади.

Раббимизнинг ушбу гаплари Матто китобининг 16 боби 23 оятида шундай келтириб ўтилган: “ …Йўқол кўзимдан шайтон! — деди. — Сен Мени йўлдан уряпсан, чунки сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан”. Азизлар, Раббимизнинг ушбу гаплари шайтонга қарата айтилмаган, балки Бутрусга қарата айтилгани бизга яхши маълум.

Ахир Раббимиз Бутрусни бир оз олдин марҳаматлаб турган эдику, энди эса қандай қилиб уни шайтон деб атамоқда? Бундай бирданига содир бўлаётган ўзгаришни қандай қилиб тушунтириб бериш мумкин? Бизга яхши маълум, Раббимиз Исо Масиҳ сабабсиз инсонларга нисбатан ҳеч қачон қаттиқ муомила қилмаган.

Бундан ташқари, Раббимиз ҳеч қачон иккиюзламачилик ҳам қилмаган. Кимнидир мақтаб туриб, яна бирданига уни айиблаш Раббимизга хос эмасди. Азиз биродарлар, агар Матто китобининг 16 боби 21 оятини ўқиб кўрсак, ушбу саволимизга жавоб оламиз деб ўйлайман.

Келинг, азизлар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрайлик: “Шу вақтдан бошлаб, Исо шогирдларига Ўзининг Қуддусга бориши, оқсоқоллар, олий руҳонийлар ва уломалар қўлида кўп азоб чекиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши кераклигини ошкор этадиган бўлди”. Эътибор берсак, Раббимиз Ўзининг азоб чекиши тўғрисида шогирдларига очиқ гапирган эди.

Қуддусга бориш ва гуноҳкорлар учун азоб чекиш Унинг ўзгартириб бўлмас вазифаси эди. Бутрус эса Раббимизни йўлдан қайтармоқчи бўлганди. Шунинг учун ҳам Раббимиз Исо Бутрусни койиб, Мени йўлимни тўсма, деб айтган эди.

Ҳурматли биродарлар, бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Сайтимизга марҳамат қилинг. Хайр, омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top