Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.
Байтания қишлоғи Зайтун тоғининг шарқ томонида, Қуддусдан қарийб уч километр нарида жойлашган. Исо бу қишлоққа келиб Марта, Марям ва уларнинг акаси Лазарникида меҳмон бўлган эди. Улар Исонинг дўстлари бўлишгани учун уни илиқлик билан қарши олишади. Масиҳни меҳмон қилиш — катта шараф. Марта Исо учун ўзгача таом тайёрлашга жон-жаҳди билан киришади. Мартанинг синглиси Марям эса, Исонинг оёқлари олдига ўтириб, уни тинглаётган бўлади. Бир оз вақтдан кейин Исонинг ёнига Марта келиб: «Ҳазрат, синглим ҳамма ишни менга ташлаб қўйганига наҳотки парво қилмасангиз? Унга айтинг менга ёрдам берсин»,— дейди.
Исо Марямни танқид қилишнинг ўрнига, Мартага моддий нарсалар билан ортиқча овора бўлмаслик борасида қуйидагича насиҳат қилади: «Эҳ Марта, Марта, шунча оворагарчиликка не ҳожат? Ўзи кўп нарса керак эмас, битта нарса ҳам етади. Марям эса энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди». (Луқо 10:41, 42) Бу билан Исо ҳар хил таомлар тайёрлашга шунча вақт сарфлашнинг кераги йўқ, деб айтмоқчи бўлади. Кўп вақтни олмайдиган оддийгина овқатнинг ўзи етарли эди.
Мартанинг нияти яхши, чунки у меҳмондўст бўлмоқчи. Аммо таомлар борасида ҳаддан ташқари ташвишланиб, у Худонинг Ўғлидан таълим олиш имконини қўлдан бой беряпти. Шунинг учун, Исо Марям доно қарор чиқарганига эътибор қаратади. Бундай қарор Марямга кўп фойда келтирди ва у биз учун яхши ўрнак.
Бошқа сафар Исо яна бир муҳим сабоқ борасида айтган. Битта шогирди Исодан: «Ҳазрат, Яҳё ўз шогирдларига ўргатганидай, бизга ҳам ибодат қилишни ўргатгин»,— дея илтимос қилади. Исо тахминан бир ярим йил олдин Тоғдаги ваъзида қандай ибодат қилиш борасида тушунтирган эди. Эҳтимол, ўша пайтда бу шогирди бўлмаган. Шу сабабли, Исо ўшанда айтган асосий фикрларни такрорлайди ва қунт билан ибодат қилиш кераклигини бир мисол ёрдамида кўрсатади.
«Орангиздан бирор кишининг дўсти бор, деб фараз қилайлик. У ярим кечада ўша дўстиникига бориб: “Оғайни, учта нон бериб тур. Узоқдан бир дўстим келиб қолди. Олдига қўядиган ҳеч нарсам йўқ”,— дебди. Оғайниси эса ичкаридан: “Мени безовта қилма. Эшик қулф, болаларим ҳам ёнимда ётишибди. Энди ўрнимдан туриб, сенга ҳеч нарса бера олмайман”,— дея жавоб берибди. Сизларга айтиб қўяй, ўз дўсти бўлгани учун ўрнидан туриб, бирор нарса бермаса-да, у қайта-қайта сўрайвергани туфайли ўрнидан туриб, унга керак бўлган ҳамма нарсани беради». (Луқо 11:5–8)
Исо Тангри Яҳованинг бу ҳикоядаги дўст каби илтимосга жавоб беришни истамаслигини назарда тутмаган. Исо шуни таъкидламоқчи эдики, ҳатто ёрдам қўлини чўзишни истамаган дўст, қунт ила қилинган илтимосга жавоб берган бўлса, унда меҳрибон самовий Отамиз самимий илтижоларимизга жавоб бериши аниқ! Исо сўзида давом этади: «Бундан хулоса шуки, сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади. Чунки сўраганга берилади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади».
Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.