3:25

Худонинг меҳрибонлиги

MP3

Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.

Меҳрибон сўзи турли одамлар учун шунчалик кўп маъно касб этадики, Худо меҳрибонлигини бу тарзда қисқача ўрганиш таърифдан бошланади. Бу сўзнинг маъносини фақат турли йўллар билан бир тўхтамга келиб-кетган ҳолда, кўп сонли синонимлардан фойдаланибгина тушуниш мумкин.

Масиҳийлик эътиқоди Худо меҳрибон, деб таърифлаган пайтда, Унинг ҳақиқатгўй ёки муқаддаслигига қараганда қандайдир бошқа нарса ҳақида сўзлайди. Худонинг муқаддаслиги самода баландпарвоз тарзда улуғланади ва бу улуғланишнинг акс-садоси — Худо ҳар гал Ўзини одамларга намоён қилган пайтда янграйдиган ер юзидаги руҳонийлар ва донишмандлар овозидир. Бироқ биз ҳозир Худонинг муқаддаслигини эмас, балки Унинг меҳрибонлигини кўриб чиқамиз, бу эса бутунлай бошқа нарсадир.

Худонинг меҳрибонлиги — бу Уни меҳр-шафқатли, самимий, мурувватли бўлишга ва одамларга нисбатан эзгу тилаклар билан тўлиб тошишга ундайдиган фазилатдир. Худонинг қалби шафқат ва хайрихоҳликни ифодалайди ва Унинг жамики онгли мавжудотларга нисбатан муносабати доимо очиқ, самимий ва дўстона тарзда бўлиб қолаверади. Ўз табиатига кўра Худо одамларга ҳузур-ҳаловат беради ва Ўз халқининг бахт-саодатидан Унинг қалби шодликка тўлади.

Муқаддас Китобнинг ҳар бир саҳифасида Худонинг меҳрибонлиги ҳақида бевосита ва билвосита гапириб ўтилади ва бу нарсани Худо тахтидек мустаҳкам имоннинг таркибий қисми сифатида тушуниш керак. Бу Худо ҳақидаги ҳар қандай соғлом фикрнинг асосий пойдевори ва маънавий соғломликнинг зарурий шартидир. Худо меҳрибон бўлолмаслиги мумкин, деб фикрлаш — бу ҳар қандай фикр-мулоҳазани қадрсиз қилиш ва охир-оқибатда ҳар қандай маънавий мушоҳадани инкор қилиш демакдир. Агар Худо меҳрибон бўлмаса, у ҳолда меҳр-шафқат ва бешафқатлик ўртасида фарқ қолмайди ва само дўзахга, дўзах эса самога айланиши мумкин.

Худонинг меҳрибонлиги — бу шундай бир механизмки, у Худонинг ҳар куни бизга кўрсатадиган барча марҳаматларини ҳаракатга келтиради. Худо Ўз қалбида меҳр-шафқатли бўлганлиги учун ҳам бизни яратди ва айнан шу сабабга кўра ҳам У бизнинг гуноҳларимиз учун тўлов тўлади. Худонинг меҳрибонлиги Худо хусусиятларидан бири сифатида Худонинг Ўзидан бошқа сабабга эга эмасдир. У чексиз, мукаммал ва абадийдир. Худо доимий бўлганлиги учун, У ҳеч қачон Ўз севгиси ва меҳрибонлиги даражасини ўзгартирмайди. Худо ҳеч қачон ҳозиргига қараганда кўпроқ меҳрибон бўлмаган ва У ҳеч қачон камроқ меҳрибон бўлмайди. У алоҳида шахсларга нисбатан ҳурмат-эътибор кўрсатмайди, аксинча, Ўз қуёши нурларини ёмонлар узра ҳам, яхшилар узра ҳам сочади ва ҳақларнинг ҳам, ноҳақларнинг ҳам бошига бирдек ёмғир юборади. Худонинг меҳрибонлиги асоси — Унинг Ўзидадир. Худонинг марҳаматига эришганлар қилган хизматларидан ва Худонинг меҳрибонлигини қай тарзда қайтаришларидан қатъий назар, Унинг хайр-саховатига эга бўладилар. Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top