3:35

Муқаддас Китоб

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Муқаддас Китобни рус тилида «Библия» деб аташади. «Биб-лия» деган сўз аслида грек тилидаги «библиос» сўзидан олинган бўлиб «китоблар» деган маънони англатади. Демак биз «библия» сўзини ўзбекчага тўғридан тўғри таржима қилганда «китоблар хонаси» деган ибора келиб чиқади. Рус тилидаги «Библиотека», яъни кутубхона деган сўз ҳам шу ўзакдан олинган. Савол туғилиши мумкин, «Ахир Муқаддас Китоб биттагина бўлса, қанақасига у “кутубхона” бўла олади? Аслида Муқаддас Китоб кўп китоблар тўплами бўлиб, Таврот, Забур, Анбиё ва Янги Аҳд каби қисмларга бўлинади. Янги Аҳддан аввалги китоблар Исо алайҳис-салом дунёга келишидан олдин ёзилган . Янги Аҳд китоблари эса Исо алайҳис-салом осмонга кўтарилганидан кейин битилган. Таврот тўплами 5 та китобдан иборат. Забурлар ва Анбиё китоблари – 34 та китобдан ташкил топган.

Narrator 2 Янги Аҳд эса – 27 қисмдан: Инжил хушхабари, Ҳаворийлар қиссаси ва рисолалардан иборат. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Муқаддас Китоб 66та китоблар жамланмасидан ташкил топган. Бу китобларнинг ҳар бири – Аллоҳнинг пайғамбарлар орқали бизга юборган Сўзидир. Шу сабабдан бу Тўплам грек тилида «Библия», яъни «Китоблар мажмуаси» деб номланган. Ўзбек тилида эса биз уни «Муқаддас Китоб» деб атаймиз. Қуръони каримнинг Моида сурасида, 46 ва 48инчи оятларда Таврот ва Инжил китоблари ҳақида бундай деб ёзилган: «Уларнинг изидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга Инжилни бердик . Унда ҳидоят ва нур бор. У ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчидир. У тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир» (46-оят). «(Эй Муҳаммад), Биз сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва уни сақловчи қилиб нозил қилдик» (48-оят). Бу оятлардан кўрамизки, Қуръони карим Муқаддас Китобни ўқима, деб айтмайди.

Narrator 1 Аксинча у, Муқаддас Китобни сақловчи, далилловчи ва тасдиқловчидир. Бундан англашиладики, Муқаддас Китоб русларнинг китоби эмас, балки Аллоҳнинг бутун инсониятга пайғамбарлар орқали юборган Каломидир. Тавротнинг бузилмаган эканлигини Инжил ҳам тасдиқлайди: «Сизга ҳақиқатни айтаман: токи еру осмон мавжуд экан ва тақдир этилган ҳамма нарса амалга ошмас экан, Тавротдан на бир ҳарф, на бир нуқта ўчади». Инжил ҳақида эса мана бундай оят бор: «Еру осмон битар, лекин Менинг сўзларим битмас». Демак осмон ва ер йўқолса ҳам, Муқаддас Китобдаги сўзлар йўқолмайди! Демак Муқаддас Китобдаги сўзлар – Аллоҳнинг Каломи! Қуръони карим яна бундай дейди: «(Эй Муҳаммад) уларга айт:«Ё аҳли китоблар! Таврот, Инжил ва Раббингиз сизларга нозил қилган нарсага амал қилмагунча ҳеч нарсага арзимайсизлар» (Моида сураси 68-аят).

Narrator 2 Яъни, ҳар қанча намоз ўқисангиз ҳам, рўза тутсангиз ҳам, фитр-садақа берсангиз ҳам, масжиду кўприклар қурсангиз ҳам, агар Таврот ва Инжилни ўқиб билмасак, Аллоҳнинг олдида ҳеч нарсага арзимас эканмиз. Чунки Тавротда мана бу масалалар аниқ тушунтирилган: Инжил китобида эса гуноҳдан қандай қилиб қутулиш йўли кўрсатилган: «Инсон Ўғлининг ер юзида гуноҳларни кечириш қудрати борлигини ҳам билиб қўйинглар» Мт 9:6. Инжил китобидан биз яна, Худони қандай таниш мумкинлигини била оламиз: «Исо Масиҳ кўринмас Худонинг инъикосидир» Кол 1:15. «Илоҳий табиат, тўлиқ камолоти билан Масиҳда, унинг танасида яшамоқда» Кол 2:9. Демак Муқаддас Китоб оддий китоб эмас, балки Худонинг Сўзидир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top