Ассалому алайкум азиз биродарлар! Муқаддас ҳаёт кечириш тўғрисидаги бу қонун-қоидаларда, уларни бажо келтирганда ва бажо келтирмаган ҳолатда нималар содир бўлиши ҳақида ҳам айтиб ўтилади.
Бу марҳамат ва лаънатлар бутун Қонунлар китобида мавжуд бўлиб, Қонунлар 28-бобда уларни кўришимиз мумкин. Шундай қилиб, бу китобда Худо Ўзининг эзгулиги туфайли Исроилни танлагани ва уларга аҳд марҳаматларини бергани таъкидланади.
Шу билан бирга, Худонинг муқаддас халқи сифатида яшаш мажбурияти ҳам қайта-қайта айтиб ўтилади. Халқ ўз мажбуриятини рад этадиган бўлса, улар Худо марҳаматларидан маҳрум бўлишади.
Бу нарса, аҳд марҳаматларидан маҳрум бўлиш билан бирга, лаънат олиб келиши ҳам айтилган. Худо шоҳлиги ҳамда Худонинг яратилиш ҳақидаги мақсадлари Қонунлар китобидаги каби бирор жойда яхшилаб тасвирлаб берилмаган.
Бу ерда Худо Исроилни танлашидаги мутлақ Ҳокимлиги ҳақида гапирган, бундай танлов фақатгина Худо севгисининг сири орқалигина тушунтириб берилиши мумкин. Яъни, Худо севгани учун танлайди, танлагани учун севади.
Бу танловнинг мақсади, Исроил Худонинг халқи бўлиши ва улар Худо тайин этган янги Адан ажойиб ерда яшашлари эди. Исроилликлар, биз бошқа халқлардан солиҳроқ бўлганимиз ҳамда шунга лойиқ бўлганимиз учун Худо бизнинг душманларимизни ҳайдаб юбориб, бизга бу ерни берди, деб нотўғри ўйлаши мумкин.
Шундай деб ўйлаш уларга хуш ёқарди. Аммо, улар шуни эсда тутишлари керак эдики, Худо уларга қилган эзгуликларига улар лойиқ эмасдилар, дунёдаги ҳар бир халқ эса, ўзининг бошига келадиган ёвузликларга мутлақо лойиқдир.
Қонунлар китобида Худонинг шоҳлиги ҳақидаги ваъдалар ва ҳалокат ҳақидаги огоҳлантиришлар фақатгина Худо аҳдига содиқ қолишга ундаш учун ёзилган, деб ўйлаш хатодир. Бу ҳолда нажот фақатгина солиҳ ишлар учун мукофот бўлиб қоларди.
Бу китобдаги воқеа Синай тоғидаги аҳднинг мантиқий давомидир. Шундай экан, энг аввало, Худо Исроил халқига уларни қутқариш орқали Ўз севгисини кўрсатди, мана шу воқеа туфайли У Ўз халқини бўйсунишга чақиради.
Шу билан бирга, Худога бўйсуниш хатна каби фақатгина ташқи нарса эмас, балки Худога юракдан жавоб қайтариш бўлиши керак эди. Шунинг билан азиз биродарлар, мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинг.