3:22

Худонинг муқаддаслиги

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сиз азизлар билан радио тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан бениҳоят хурсандмиз. Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек сиз азизлар билан бирга бўламан. Муқаддас китоб саналмиш Инжил ҳеч қачон ўзгартирилмаганлигига бизда ҳеч қандай шубҳа йўқдир.

Лекин шунга қарамай айрим дўстларимиз Инжил ўзгарган деган фикрда қаттиқ туриб олишган. Муқаддас Китоб бизга айтадики, Худованд ҳақиқатдан ҳам Муқаддас. Инсон эса гуноҳкор саналади. Худо муқаддас ва солиҳдир, шундай экан Отамиз қандай қилиб Ўзининг сўзларини кимдир ўзгартиришига йўл қўяди?

Азиз биродар, фараз қилайлик ва шу билан бирга оддий бир мисол билан тушунишга ҳаракат қилиб кўрайлик. Айтайлик сиз бир неча йиллар давомида турли хил қийинчиликларга дуч келиб ҳалол меҳнатингиз эвазига машина сотиб олдингиз.Ўйлайманки ушбу машинангизни қадрига етишга ҳаракат қиласиз. Кимдир уни чизиб ёки бирон жойига зарар етқазишига асло йўл қўймасангиз керак.

Чунки бу машина сизнинг шахсий мулкингиз ҳисобланади. Худованд ҳам Ўз Каломини янада кучлироқ ҳимоя қилишга қодирдир. Чунки У қудратли ва ҳар қандай имкониятга эга бўлган Зотдир. Азизлар, ён атрофингизга эътибор билан бир қаранг, қаёққа қарасак ҳам биз инсонларнинг гуноҳкорлигини кўрамиз. Уларнинг ҳаракатлари ҳақиқий гуноҳ иллати белгиларидир. Гуноҳ Худога қарши қўзғолондир.

Инсон Худога қарши гуноҳ қилди ва шунинг учун ҳам У Муқаддас Зот билан бошқа ҳамкорлик қилолмайди. Муқаддас Китобнинг таъкидлашича, ҳамма қилинган гуноҳлар Худога қаршидир. Бу гапимизни ҳам оддий бир мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Айтайлик ишхонангизда кимнидир қаттиқ хафа қилдингиз. Балки у инсонни аввалдан ёмон кўргандирсиз.

Жанжаллашиб ниҳоят мақсадингизга эришгандайсиз. Ҳатто қўлингиз баландроқ келганидан мағрурланаётгандирсиз. Шундай инсон бу ишлари Худовандга қарши гуноҳ эканлигидан хабардормикан? Балки сиз ўйлаётгандирсиз, ишхонамдаги содир бўлган воқеага Худованднинг нима алоқаси бор деб? Отамиз Худованд Ўз Каломида ҳатто душманларимизни ҳам севишимиз кераклиги ҳақида ҳар биримизни огоҳлантирган.

“Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир,” деб ёзилган Римликларга мактубининг 3:23. Ҳамма инсонлар гуноҳ қилган. Гуноҳ бу бизнинг Худонинг йўли ўрнига танлаган йўлимиздир. Ҳамма инсонлар Худонинг иродасига ва Худо томонидан берилган қонунга тўлиқ итоат қилмайдилар. Ҳеч ким Худо ва Унинг ҳузурига мос эмас. Шундай экан азиз биродар, нима тўғрию нима нотўғри эканлигини аниқлаш бизга берилмаган. Вақти соати келиб Худованднинг ҳузурига борганимизда барчамиз ҳар бир айтган гапларимиз учун Унинг ҳузурида ҳисобот беришимиз аниқдир. Азизлар, ҳар биримизни Отамиз Худованд Ўз паноҳида асрасин. Келаси эшиттиришларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top