Ассалому алайкум меҳрибон опа сингиллар. Бугунги кунда “негадир” аёллар ва қизлар орасида турли аёллар касалликлари кўпайиб кетмоқда. Биз ўзимиз ёки қизларимиз ҳасталанса шифокор хузурига бориб даволанамиз, лекин кўп ҳолларда шифокорлар бизга бу касаллик қандай пайдо бўлиши ҳақида маълумот бермайди. Ёки ўзимиз ҳам у ҳақида қизиқмаймиз. Бугун хотин қизлар орасида кўп учраётган тухумдон кистаси ҳақида маълумот беришни лозим топдик. Тухумдон кистаси -тухумдонларнинг хавфсиз ўсмаси бўлиб, туғруқ ёшидаги аёллар орасида кўп учрайди. Камдан-кам ҳолларда бу касаллик 50 ёшдан ошган аёлларда аниқланади. Хўш, бу касаллик қандай кечади? Касаллик келиб чиқишига нималар сабаб бўлади? Қандай оқибатларга олиб келади? Бугун шу мавзуни батафсил ёритмоқчимиз. Киста сабаблари. Совқотиш – ёш қизлар ва аёллар қишнинг изғиринли кунларида енгил юбка, калта шим кийиб юришади.
Бу ҳолат совқотишга ва иммунитетнинг пасайишига олиб келади. Натижада ички аъзоларнинг яллиғланиши келиб чиқади. Жинсий аъзоларнинг яллиғланиши натижасида киста пайдо бўлади. Гормонлар алмашинуви бузилиши ҳам кистага сабаб бўлади. Эндокрин тизим фаолияти бузилиши (ҳайз циклининг жуда эрта ёки кеч бошланиши ҳам кистага олиб келади). Бошдан ўтказилган абортлар. Жинсий аъзоларнинг яллиғланиш касалликлари. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, киста сўзи грек тилидан олинган бўлиб, пуфак сўзини англатади. Ҳақиқатдан ҳам, киста пуфакка ўхшайди. Чунки у ичи суюқликка тўла ҳосиладан иборат. Киста ҳажми аста-секин катталашиб боради. У битта ёки бир нечта бўлиши мумкин. Шунингдек, киста касаллиги туғма ёки орттирилган ҳам бўлади. Айрим ҳолларда тухумдон кистаси функционал ҳам бўлиши мумкин. Бунда тухумдон фаолияти бузилиши натижасида киста келиб чиқади.
Тухумдон кистаси хавфсиз ҳисобланса-да, бироқ албатта даволаниш лозим. Чунки киста хавфли ўсмага айланиши, ҳажми катталашиши, бепуштликка олиб келиши, кистага инфекция тушиши натижасида йиринглашиши ҳам мумкин. Киста вақтида олиб ташланмаса ва аёлга керакли муолажалар қилинмаса у хавфли ўсмага айланиши, ўз оёғида ўралиб қолиши, кистанинг ичаклар билан аралашиб, ўралиб қолиши каби асоратларни бериши мумкин. Кистани кеч даволаш эса бепуштликка олиб келади. Бундай маълумотлардан кейин ташвишга тушиб, уни қандай аниқлаш мумкин, деган савол туғилади. Кистанинг бошланғич даврида ҳеч қандай бузилишлар бўлмайди. Бунда ҳайз цикли ҳам бузилмайди. Ушбу ҳолатда касаллик режали текширув вақтида аниқланади. Бу ҳолатда кистанинг ягона белгиси ҳайз цикли ўртасида ёки ҳайз даврида қорин пастида оғриқлар кузатилишидир.
Тухумдон кистасининг оёқчаси бўлиб, кучли жисмоний зўриқишлар вақтида ўз оёғида айланиши мумкин. Кистанинг ўз оёғида айланиши оғриқларга сабаб бўлади. Бу ҳолатда зудлик билан оператив даво буюрилади. Агар кистанинг ҳажми катта бўлса, ёндош аъзоларни босиши мумкин. Бу ҳолда ошқозон ичак тизими ва пешоб чиқариш тизими аъзолари фаолияти бузилади. Айрим ҳолларда киста оёқ веналарини қисиши мумкин. Бу ҳолатда оёқларда варикоз кенгайган веналар аниқланади. Шунингдек, тухумдон кистасида қусиш ва иситма кузатилади. Тухумдон кистасида ҳайз цикли бузилади. Шу боис ҳайз даври мунтазам кузатилмайди, айрим ҳолларда кўп қон кетади, ҳайз даври оғриқли кечади ёки ҳайз даврида қон кам кетиши мумкин. Касалликка ташхис қўйиш учун гинекологик кўригидан ўтинг.