3:29

Изламаганимни топдим

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродарлар. Бугун эътиборингизга бир биродаримизнинг ҳаётини Худованд қандай ўзгартиргани ҳақидаги гувоҳликни ҳавола қиламиз. “Мен бир умр ҳарбийда ҳизмат қилганман. Мен учун устав ва қоидаларга амал қилиш биринчи ўринда бўлган, бироқ имонга келганимдан кейин иноят ва Худонинг муҳаббати қандай эканлигини татиб кўрдим. Менинг имонга келишим ҳам муҳтожлигим юзасидан бўлди. Мен ҳарбийдаги энг гуллаган пайтларимдан бирида, оёғим оғриб қолиб, шифокор текширувига бордим. Менга “коксоартроз” деган ташхисни қўйишди. Аввалига бу унчалик жиддий эмасдек туюлди ва дориларни ичиб ишлаб юравердим. Кейинчалик оғриқлар кучайди. Ишдан кетишга мажбур бўлдим. Рафиқамни ота-онам танлашган, ўзим севишиб турмуш қурмаганман. Шу сабаб, у билан ҳам ҳаётим давомида юмшоқ ва муҳаббатли муносабатда бўлмаганман.

Narrator 2 Фарзандларим туғилгач, улар ҳам менинг қаттиқўллигимдан татиб кўришган. Хуллас, бутун оилам, онам, укаларим ва рафиқам билан болаларим ҳам ҳаммаси мендан қўрқишарди. Онам укамнинг Исо Масиҳга ишонишини биларкан-у, менинг жаҳлимдан қўрқиб, менга айтишга қўрққан экан. Бир куни бир неча марта шифокорлар кўригига бориб, ҳафсалам пир бўлганидан кейин, укам келиб, “Ака, мен сизни бир яхши шифокор билан таништириб қўяман”, деди. Шундай қилиб, у билан Тошкентга келдим. У мени бир биродарининг уйига олиб келди. У биродар менга Худо ва Исо Масиҳ ҳақида сўзлаб берди. Агар рози бўлсам, ҳаётимни ўзим эмас, Худо бошқаришини ва бу ҳаёт оғриқлар кетса-кетмаса яшашга арзиши ҳақида сўради. Мен рози бўлиб, ҳаётимга Исо Масиҳни қабул қилдим. Ўша дақиқадан юрагим бутунлай ўзгарди. Ичимдан ажойиб бир ҳис ва хурсандчиликни сездим.

Narrator 1 Ҳаммасидан ҳам ҳайратланарлиси, доим оғриган оёғим, ўша пайтдан оғримай қолганини сездим. Уйга бориб, онамга ва рафиқам билан болаларимга ҳам Исо Масиҳни ҳаётимнинг нажоткори деб қабул қилганимни ва энди ҳаётимиз бошқача бўлишини айтдим.” Шу кундан бошлаб, оиламдагилар мендаги ўзгаришни кўришди. Фарзандларим, аввалгидан кўра юмшоқроқ ва адолатлироқ ота топганларини айтган бўлсалар, рафиқам, унга нисбатан сабрли ва мулойимроқ бўлиб қолганимни айтди. Мен Исо Масиҳни Нажоткорим деб қабул қилганимда, кўп нарсани тушунмаганман, аммо Муқаддас Китобни ўқиганим сари, мен ишонган Худо нақадар севгига бой, сабр-тоқатли ва иноятли эканини, авваллари Худонинг иродасидан ташқарида нотўғри ҳаёт кечирганимни англаб бордим. Ҳар сафар ҳаётимдаги муаммоларга Ундан жавоб топиб, Масиҳга ўҳшаш бўлиб боришга ҳаракат қилдим.

Narrator 2 Мен Худони қидирмадим, аммо Худонинг Ўзи мени қидириб топди ва менга Ўзини танитди. Муқаддас Китобдаги Худо айтган бир ҳақиқат менга жуда тўғри келади. “Эгам айтар: “Мени сўрамаганларга кўриндим, Мени изламаганлар топди. Менга илтижо қилмаган бир халққа: ‘Мана Мен! Шу ердаман!’ деб айтдим.” Ишаё китоби 65 бобдаги бу оят менинг ҳаётимга жуда тўғри келади. Мен чиндан ҳам Худо ҳақида ўйламас эдим, Унга муҳтожлигимни билмай яшардим, аммо Худо мени топди. Кейинчалик укамнинг айтишича, у мен учун биродарлари билан узоқ вақт ибодат қилган ва мени Тошкентга Хушхабар эшитишга олиб келганида ҳам юрагида катта қўрқув бўлган экан. Агар хушхабар айтаётган биродарнинг юзига бир шапалоқ уриб туриб кетса, нима бўлади, деб қўрқув билан, ибодатда ўтирган экан. Ҳуллас, Худованд мени – Унинг иноятига лойиқ бўлмаган ва изламаган инсонни Ўзиники қилиш учун танлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top