3:42

Худо мени танлаган

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худони танимасимиздан олдин, У бизнинг ҳаётимизда қандай ажойиб ишлашини билмаймиз. Бироқ Худони таниб билганимиздан кейин, Унинг ҳаётимизда қилган ишларидан мамнун ва миннатдор бўламиз. Бир биродаримиз шу ҳақида ўз ҳаётида бўлган гувоҳлигини биз билан шундай бўлишдади. “Мен Самарқандликман. Ота-онамнинг истаги билан турмушга чиқдим. Бироқ 10 йил ўтса ҳамки фарздандли бўлмадик. Ота-оналаримизнинг истаги билан ажрашдик. Мен эса аввалгидек ўқитувчилигимни давом эттиравердим. Бир куни ҳамкасбларимдан бири менга бир одам борлигини, фарзанди билан ёлғиз яшаши ва уйланиш учун турмуш ўртоқ қидираётганини айтиб қолди. Менга бир фарзанди бор, дегани жуда ёқди. Кўп йиллардан буён фарзандли бўлмаганим учун энди фарзандли бўлмайман, деган фикрга бориб қолган эдим. Шундай қилиб, у одам билан учрашдик.

Narrator 2 У эса аввал ўғлим билан кўришинг, агар унга ёқсангиз, менга ҳам ёқасиз, деди. Бир неча кундан кейин, ўғлини мактабимга олиб келди. У эндигина 11 ёшга кирган ширингина, қорачадан келган, қошли бола эди. Буни кўрган ўша ҳамкасбим, “Вой опа, бу бола худди сизга ўхшайди-я! Бўлди, сизнинг тақдирингизга шу боланинг онаси бўлиш ёзилган”, деди. Мен ҳам ўша кўрган кунимдан бошлаб ўғлимни яхши кўриб қолдим. У бир икки марта менинг мактабимга келди. Мен унга, “Дадангга турмушга чиқмоқчиман, нима дейсан”, дедим. У эса кулиб туриб, “Ўзингиз биласиз”, деди. Хуллас, ўша одамга турмушга чиқдим. Тез орада турмуш ўртоғимнинг қариндошлари бизникига меҳмон бўлиб келди. Уларнинг орасида жияни билан унинг эри менга жуда ёқди. Ҳар иккаласи ҳам жуда муомалали ва ширин сўз эди. Улар тез-тез бизникига келиб, Худо ҳақида ажойиб, аввал мен эшитмаган сўзларни айтишарди. Мен ҳар сафар улардан кўпроқ Худо ҳақида билишни истардим.

Narrator 1 Кейин эса менга Муқаддас Китоб олиб келиб беришди. Шундай қилиб, ўғлим иккаламиз Калом ўқий бошладик. Бироқ турмуш ўртоғим бунга қарши эди. Биз эса ўғлим билан Калом ўқишда давом этавердик. Охири, у менинг олдимга шарт қўйди, “Ёки сен бу йўлингдан қайтиб, Инжилни ўқимайсан, ёки мен сен билан ажрашаман”, деди. Мен “Худодан воз кечмайман. Ўзи энди Худони топдим. Бу китобда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ. Майли, Худо шуни истаса мен сиз билан ажрашаман, аммо ўғлимни олиб кетаман”, дедим. Ўғлим ҳам мен билан бирга кетишини айтди. У ўзининг хонасига кириб кийимларини жойлаштира бошлади. Шу пайтда биз ўғлим билан бошқа хонада дадаси ва оиламиз учун ибодат қилаётган эдик. Худога шукурки, у ниятидан қайтиб, ўша куни ҳеч қаерга кетмади. Эртаси куни дам олиш куни эди. Эримнинг жияни ва унинг эри бизни тоққа дам олишга чақирди. Мен ва ўғлим дадасини дам олиб келамиз, деб кўндирдик. Оиламиз билан тоққа дам олишга чиқдик.

Narrator 2 Биздан бошқа оилалар ҳам бор экан. Биз ҳаммамиз оилалар ҳақидаги Худонинг мақсади ва қандай Худо истагидаги оила бўлиш ҳақида маъруза тинглардик, эрим эса “Мен дам олгани келганман”, деб фақат ё ташқарига чиқиб кетарди ёки кириб ухларди. Охирги кундан бир кун олдин ҳамма оилалар дастурхон атрофида йиғилиб Худо уларнинг ҳаётида нима ишлар қилгани ҳақидаги гувоҳликларини бўлишди. Эрим ҳам ўша ерда уларнинг гапларини эшитиб ўтирди. Кейинги куни кетиш олдидан ибодат қилдик. Ҳаммамиз ибодат қилаяпмиз, беихтиёр кўзимни очиб эримга қарасам, унинг кўзларидан ёш тўхтамаяпти. Ибодатдан сўнг шартта ўрнидан туриб, “Мен бугун Худонинг олдига келиб қилган гуноҳларим учун тавба қилмоқчиман. Бу кечқурун Худо менга гапирди. Мен Уни кўрдим”, деди. Деярли ҳамма унинг учун хурсандчиликдан йиғлади. Чунки шу уч кун давомида биз доимо менинг турмуш ўртоғим учун ибодат қилган эдик-да.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top