3:32

Мактублар 2 қисм

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Ўтган сафарги суҳбатимиз давомида ҳаворий Павлуснинг Эфес ва Колоса шаҳридаги имонлиларга ёзган мактубини таҳлил қилган эдик. Бугун ҳам мактублар ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Павлус Колосаликларга ёзган мактубининг сўнгида, Лаодикия жамоатидагиларга саломимни етказинг, дейди. Бу жуда қизиқ. Нега Колосаликларга ёзаётиб, Лаодикиядаги имонлиларни ҳам эслайди. Улар бир-бирларига яқин яшар эдиларми? Келинг, унинг мактубини сўзма-сўз ўқиймиз: “Лаодикия шаҳридаги биродарларга, айниқса Нимфага ва унинг уйида йиғиладиган жамоатга салом айтинглар. Бу мактубим орангизда ўқиб берилгандан кейин, Лаодикиядаги жамоатда ҳам ўқиттирилсин. Сизлар эса Лаодикиядан келадиган мактубни ўқинглар.” Демак, Тихикус яна битта мактубни олиб бориши керак бўлган. Яна битта мактуб Лаодикия деган жамоатга ёзилган, бироқ у йўқолган.

Narrator 2 Афсуски бу мактубда нима ёзилганини билолмаймиз, аммо айрим олимлар бугунги замонавий қазишма техникалари ёрдамида бу мактубнинг топилишига умид қилаётган бўлсалар, бошқалари бу мактуб ўша даврнинг ўзидаёқ йўқолиб кетганлигига шубҳа қилмайдилар. Бошқалари эса, Эфесликларга ёзилган мактуб бу айнан Лаодикияга ёзилган мактуб бўлса керак, деган тахминни ўртага ташлайдилар. Аммо бу тахминлар асоссиз. Колосаликларга ёзган мактубида Павлус Ўнисимусга алоҳида эътибор қаратади. Тихикус билан бирга Ўнисимус ҳам мактубни етказиши ҳақида айтилади. Каломда ёзилишича, Ўнисимус асли Колосалик бўлган. Филемонга мактуб ёзишининг асосий мақсади Ўнисимус ҳақида айтиш бўлган. Ўнисимус қочоқ қул эди. Унинг хўжайини эса Филемон эди. Филемонга ёзилган мактубда, Павлус Ўнисимусни меҳр-муҳаббат билан қарши олишини илтимос қилади. Уни ўз мактубида ўғлим деб атайди.

Narrator 1 Павлус бу биродарларни ниҳоятда яхши кўрганини унинг мактубида ёзилган сўзлардан билиб олиш қийин эмас. Павлуснинг Римдаги қисқагина яшаб ўтган ҳаётидан ва унинг мактубларидан нималарни ўрганишимиз мумкин? Шунча қисқа вақт ичида у турли миллатли Рим аҳолисига Хушхабар айтгани, ўз жонини эмас, Худонинг топшириғини биринчи ўринга қўйгани, унинг мактублари нафақат ўша жамоатлардаги имонлиларнинг ҳаётини балки икки минг йилдан кейин бизнинг ҳам ҳаётларимизни ўзгартираётганини ўйлайдиган бўлсак, биз ҳам шундай натижага эриша оламиз, дейишимиз мумкин. “Вақтим кам, шунинг учун кўп нарса қилолмайман”, деманг. Ҳаммаси Худонинг қўлида. Агар Унга топширсак, У биз орқали Ўз ишларини бажаради. Павлуснинг ҳаётидан яна бир ўрганадиган нарсамиз бу инсон ҳаётида ўзи қилишни истаган ишларни қила оладиган пайтлар бўлиши ҳақида.

Narrator 2 Ҳар бир одамнинг ҳаётида ишлай олмайдиган пайт бўлади. Шунинг учун имконингиз борида ишлаб қолинг, ҳали дам олишга кўп вақтингиз бўлади. Унинг ҳаётидан ўрганишимиз мумкин бўлган бошқа бир нарса бу унинг ишлаш ҳолатининг ўзгариши. У одатда кенг омма олдида гапиришга, таълим беришга ўрганган эди, энди эса Римда кичик бир уйда, кўп одам сиғмайдиган бир ҳолатда Худонинг хизматини қилишига тўғри келяпти. Энди у чиқа олмайди, аксинча унинг олдига одамлар келади. Энди у бир мартада бор йўғи икки ёки уч кишига Хушхабар айтиши ёки таълим бериши мумкин. Энди у боролмайдиган жойларига мактублар ёзишни бошлади. Қариганимиз сари ёшлигимизда қила олган ишларимизни қилишга қийналадиган бўлиб қоламиз. Уйдан чиқа олмайдиган бўлиб қоламиз, буни қамоққа қиёсласа ҳам бўлади. Аммо қаранг, Павлус шундай ҳолатида ҳам жуда кўп ишларни қилишга улгурди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top