Ассалому алайкум. Қувғинлар мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Имонли сиқувга олинган тақдирда ҳам, биз Масиҳга хиёнат қилишимиз мумкинлигига ҳеч кимнинг ишонгиси келмайди. Шундай бўлса-да, ҳозирги даврда кўплаб бошқа мамлакатлардаги масиҳийлар бошидан ўтказган тазийққа Ғарбда камдан-кам одам дуч келган. Бундай ҳолатдан Павлус ниҳоятда ташвишланган. Салоникадаги жамоага юборган Мактубида шундай ҳолат намоён бўлади. Исонинг Ўзи ҳам келажакдаги синовлар ҳақида шогирдларини огоҳлантирган. “Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли барча халқлар сизлардан нафратланади. Ўшанда кўплар васвасага тушиб, бир-бирини тутиб беради, бир-биридан нафратланади. Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради. Ёвузлик авжга чиқиши туфайли кўпчиликнинг севгиси совийди” (Матто 24:9-12).
Ғарбдаги масиҳийлар ҳали қамоқларда эмаслар. Эътиқод учун уларни азобламайдилар. Аммо бошқа мамлакатларда кўплаб масиҳийлар занжирбанд қилинган ва қийноққа солинмоқдалар. Шундай бўлса-да, қонунга хилоф ҳолатлар Ғарбда ҳақиқатдан ҳам жуда кўп учрайди. Шунинг учун ҳам кўплаб масиҳийлар ҳақиқат йўлидан оғиб, бошқа йўлдан юриб кетмоқдалар.
Ибронийларга Мактубда шундай ёзилган: “Сизлар гуноҳга қарши курашишда ҳануз қон тўкилишига қадар қаршилик кўрсатмабсиз…” (Ибронийларга 12:4). Ушбу сўзларнинг муаллифи, эҳтимол, бу ерда ҳозирги замон ғарб имонлиларини назарда тутган бўлса керак. Ҳеч қачон, то аслида таъқибларга учрамагунингча, ўзингни қандай тутишингни аниқ айтиб бера олмайсан. Бироқ баъзи бир масалаларда олдиндан фикр юритиб, қалбимизда нима борлигини аниқлаб билиш мумкин. Масалан, даромадингизнинг ўндан бир миқдорини жамоага ажратганингизда ва эҳсон қилганингизда, сиз солиқ тўлашда қонун бўйича маълум бир имтиёзга эга бўласиз. Энди ўйлаб кўриб айтинг–чи, агар солиқ тўлашда имтиёзга эга бўлмаганингизда, даромадингизнинг ўндан бир миқдорини жамоага ажратган бўлармидингиз ёки эҳсон қилган бўлармидингиз?
Агар сизнинг мамлакатингизда шахсий кутубхонада Муқаддас Китобга эга бўлиш таъқиқлаб қўйилса, сиз қандай йўл тутган бўлардингиз? Агар мамлакатингиз ҳукумати мавжуд бўлган барча жамоатларни ёпиш керак деб айтса, сиз нима қилган бўлардингиз? Бутруснинг Исодан тониши ҳақида тўртала Инжилда ҳам баён этилади. Токи Исога энг яқин бўлган шогирдлар ҳам бирдан ҳушёрликни йўқотиб, тана бўйича иш тутишлари мумкинлигини кўрсатиб бериш учун.
Шундай имконият борлигини эсда тутиб, биз таъқибга ва қувғинга учраган инсонларга нисбатан раҳм–шафқат кўрсатамиз ва Исо Бутрусни ташлаб қўймагани каби, ҳозирга қадар ҳам У азоб чекканларни тарк этмаслигини англаб етамиз. Бордию, қувғинлар мавзусига оид қизиқарли хикояларингиз бўлса, уларни Дилкаш Радио телеграм каналимизга йўлланг. Сизга олдиндан ўз ташаккуримизни билдирамиз. Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.