3:22

Имиджлар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугунги кунда “имидж” деган сўй кундалик ҳаётимизда оддий қўлланиладиган сўзга айланиб қолган. Аммо бу имидж дегани нима ўзи? Буни ўзбек тилига ўгирсак “қиёфа” маъносини англатади. Чиндан ҳам қиёфамиз биз учун катта аҳамиятга эга. Бизнинг қиёфамизга қараб атрофимиздагилар бизга баҳо берадилар. ХХ аср бошигача бундай соҳа унча ҳам ривожланмаган бўлса-да, аммо бугунги кунга келиб айрим сиёсатчилар имиджмейкерларсиз бир қадам ҳам юра олмайдилар. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, сиёсатчи фақат имиджмейкерлар билан ҳамкорлик қилиши, бу ишга боши билан шўнғиб кетиши яхши оқибатга олиб келмайди. Имиджни ким яратади? Сўнгги йилларда илмий дунёқарашнинг кишилар ички ва ташқи қиёфалари орқали бир-бирларига таъсир кўрсатиш механизмини эгаллашда ёрдам берадиган янги соҳаси – имиджология (қиёфашунослик) вужудга келди.

Narrator 2 Имидж сўзи инглизчада инсон қиёфаси, образи маъносини англатади. Ҳаммага ҳам табиат томонидан чиройли, ўзига мафтун этадиган қиёфа инъом этилмаган, лекин кўплаб кишилар бундай симпатияни, мафтункор қиёфани ўзларининг санъаткорлиги билан қўлга киритадилар. Бундай қобилият янги шароитларга осонгина мослашиш, нотаниш кишилар доирасида ўзига бўлган ишончни сақлай билиш, бошқа кишилар фикри ва тортишувларига бағрикенглик билан муносабатда бўлиш, ёрдамга ва иштирок этишга муҳтож кишилар билан сиртдан ёриб кириладиган мулоқотларни уддалаш каби хислатларда намоён бўлади. Инсонларнинг қиёфаси дунёни бошқаради. Сиёсий муҳит партияни эмас, балки сиёсий етакчиларни яратади. Идеал “қиёфа”да сиёсатчининг ташқи кўриниши биринчи ўринга чиқади. Европалик жамиятшунослар жамоатчилик фикрини ўрганиш асносида қизиқ бир ҳолатни аниқлашди.

Narrator 1 Сайловчи биринчи навбатда номзоднинг ташқи кўринишига, иккинчи ўринда ишини бажара олиш қобилиятига, учинчи ўринда эса сиёсий мавқеига эътибор қаратар экан. Номзоднинг қайси партиядан эканлиги эса тўртинчи даражали ҳисобланар экан. Сиёсий партия мутахассиси Ж. Нейполитен шундай деган эди: “Номзоднинг сиёсий нуқтаи назаридан кўра, унинг ўзидан қолдирадиган таассуроти муҳимроқдир”. Америка Президенти Р. Никсоннинг сайловолди компанияси тугаганидан сўнг мутахассислар шундай хулосага келишди: “Сайловчининг номзод билан тўғридан тўғри танишишга имкони йўқ. Шунинг учун улар номзоднинг телевизион имиджига эътибор бериши муҳимроқдир. Шундай экан, номзоднинг ўзи эмас, унинг имиджи керак, деган тушунча пайдо бўлади. Шундай қилиб, имиджмейкинг сиёсий партиянинг асосий қисмининг бир бўлагига айланди.

Narrator 2 Имиджмейкинг ўзи нима? Ўз даврида Марк Твен ёзган эди: “Оммавий Ахборот Воситалари замонавий жамиятда катта кучдир. У ҳар қандай одамни яхши ва ёмонга айлантириши мумкин. Энг яхши фуқарони фирибгар деб айтиши ҳамда уни бутун умрга расвосини чиқариши мумкин”. Имиджмейкинг – инглизча сўз бўлиб, имидж — қиёфа, кўриниш, мейкинг – ясаш деганидир. Имидж бу инсоннинг, гуруҳнинг ташкилотнинг ёки партиянинг ўйлаб топилган қиёфасидир. Бу иш билан имиджмейкерлар, яни имидж ясовчилар, қўпол қилиб айтганда “башара ясовчилар” шуғулланишади. Имиджмейкингни содда тилда қуйидагича изоҳлаш мумкин: агар номзодни сотилаётган “маҳсулот” деб олсак, имиджмейкерлар ушбу маҳсулотни чиройли ялтироқ қоғозга ўраб, ленталар билан безаб, унга нисбатан қизиқиш ва талабни оширишга эришиш демакдир. Имиджнинг психологик хусусиятлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top